УЙЧИ ТУМАНИ ИЧКИ ИШЛАР БЎЛИМИ БОШЛИҒИ, ПОДПОЛКОВНИК УМИДЖОН ЭШАНОВНИНГ ФУҚАРОЛАРГА МУРОЖААТИ
2026-07-06 18:30:00 / Янгиликлар

Ҳурматли Уйчи тумани аҳолиси, азиз юртдошлар!
Бугун замон шиддат билан ривожланмоқда. Транспорт воситалари сони тобора ортиб, йўллардаги ҳаракат янада жадаллашмоқда. Бироқ афсуски, йўллардаги ҳаракат зичлиги билан бирга айрим ҳайдовчиларнинг бепарволиги ва йўл ҳаракати қоидаларига менсимасдан муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Натижада бутун бир оиланинг бахти бир лаҳзада фожиа билан алмашмоқда.
Афсус билан таъкидлаш жоизки, жорий йил давомида туманимиз ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида бир неча фуқаролар оғир тан жароҳати олди ҳамда 4 нафар инсоннинг ҳаёти бевақт якун топди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу фожиаларнинг асосий сабаблари ҳайдовчилик маданиятининг етарли даражада шаклланмагани, белгиланган тезликка амал қилмаслик ва йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиш билан боғлиқ.
Яна бир жиддий муаммо – йўлларда скутер ва бошқа енгил электр транспорт воситаларининг назоратсиз равишда кўпайиб бораётганидир. Уларни бошқараётганларнинг айримлари ҳайдовчилик гувоҳномасига эга эмас, йўл ҳаракати қоидаларини етарли билмайди ҳамда хавфсизлик талабларига риоя қилмайди. Бу эса нафақат ўзлари, балки бошқа йўл ҳаракати иштирокчилари ҳаёти учун ҳам жиддий хавф туғдирмоқда.
Айниқса, айрим ота-оналарнинг вояга етмаган фарзандларига скутер ва шунга ўхшаш транспорт воситаларини олиб бераётгани чуқур ташвиш уйғотади. Фарзандингизнинг бир лаҳзалик қувончи унинг ҳаёти ва келажагидан устун бўлмаслиги керак. Ҳар бир ота-она фарзандининг хавфсизлиги учун масъул эканини унутмаслиги лозим.
Ҳурматли фуқаролар!
Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш – бу фақат қонун талаби эмас, балки инсон ҳаётини асрашга хизмат қиладиган энг муҳим бурчдир.
Шуни унутманг:
Тезлик – вақт ютиш воситаси эмас, умрни йўқотиш хавфидир.
Сизни уйда ота-онангиз, фарзандларингиз, турмуш ўртоғингиз ва яқинларингиз кутмоқда. Ҳеч қандай шошилиш, манзил ёки қўнғироқ инсон ҳаётидан қиммат эмас.
Шу муносабат билан барча ҳайдовчилардан қуйидагиларга қатъий амал қилишларини сўраймиз:
йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилиш;
белгиланган тезликни оширмаслик;
транспорт воситасини бошқариш вақтида мобил телефондан фойдаланмаслик;
хавфсизлик камарини доимо тақиш;
қарама-қарши ҳаракатланиш йўлагига чиқмаслик;
пиёдаларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш.
Шунингдек, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда транспорт воситасини бошқариш нафақат қонунга зид, балки ўзингиз ва атрофдагиларнинг ҳаётини хавф остига қўядиган ўта масъулиятсиз ҳаракатдир. Биргина нотўғри қарор оғир йўл-транспорт ҳодисаси, ногиронлик ёки инсон умрига зомин бўлиши мумкин.
Унутманг: маст ҳолда транспорт воситасини бошқарманг! Ҳаётни асранг, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилинг.
Яқинда туманимизда тўй кортежи вақтида йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиш, транспорт воситаларида хавфли ҳаракатлар ва турли "трюк"ларни намойиш этиш оқибатида оғир фожиа юз берди. Натижада бир нафар ёш қизнинг умри бевақт узилди.
Бу воқеа барчамиз учун аччиқ сабоқ бўлиши керак. Бир неча сониялик шов-шув, мақтаниш ёки ижтимоий тармоқларда машҳур бўлиш истаги ҳеч қачон инсон ҳаётидан устун бўлолмайди. Тўй қувончи йўлларда эмас, бахтли ва осойишта оилавий ҳаётда давом этиши лозим.
Азиз юртдошлар!
Ҳар бир йўл ҳаракати иштирокчиси ўз масъулиятини чуқур ҳис қилса, кўплаб фожиаларнинг олдини олиш мумкин. Йўл синов майдони эмас. Бир лаҳзалик эҳтиётсизлик умр бўйи битмайдиган армон қолдириши мумкин.
Ҳаётни асранг!
Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилинг!
Ўзингизни ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг!
