ОИЛА БАХТИ – МИЛЛАТ САОДАТИ
2026-05-15 15:00:00 / Янгиликлар
Қадриятларимизни безайдиган анъаналар бор — дастурхон атрофида айтиладиган дуолар, нуронийларимизнинг бебаҳо ўгитлари, болаларнинг беғубор кулгилари, келинларнинг тавозе билан салом беришлари-ю, нон ҳиди, ўсма-ю райҳон ифори таралиб турадиган ораста ҳовлилар — буларнинг барчаси бир қарашда оддий манзарадек туюлади. Аммо аслида айнан шу оддийлик ичида миллатнинг энг катта маънавий хазинаси, жамиятнинг энг мустаҳкам таянчи мужассам.
Халқимиз “Оила тинч — юрт тинч”, деб бежиз айтмаган. Бу ҳикматда авлоддан авлодларга ўтиб келаётган ҳаётий тажриба, донишмандлик бор. Оилада меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва масъулият устувор бўлса, жамиятда ишонч муҳити мустаҳкамланади. Аксинча, бир хонадондаги носоғлом муҳит бола тарбиясига, маҳалла кайфиятига, ижтимоий муносабатларга ва энг муҳими, эртанги кунга таъсир кўрсатади.
Бугун “Халқаро оила куни” муносабати билан Уйчи туман маданият марказида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Музаффар Абдуллаев самимий тилаклар билдириб, тадбир иштирокчилари ҳамда “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланаётган оилаларни қутлади.
Туманимиздаги ўн нафар намунали оила соҳибаларига “Ибратли оила” кўкрак нишони, туман ҳокимининг “Ташаккурномаси” ва эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.
Туман маданият бўлими санъаткорлари иштирокидаги қўшиқлар барчани рақсларга чорлади.
Uychi tuman hokimligi Axborot xizmati.










