САЙЁР ҚАБУЛ
2026-04-22 08:00:00 / Янгиликлар
Уйчи туманида фуқароларни қийнаётган масалаларни жойида ўрганиш, уларнинг мурожаатларига тезкор ва самарали ечим топиш мақсадида туманнинг энг чекка ҳудуди - Янгиҳаёт маҳалласида навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди.
Унда туман ҳокими Музаффар Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси масъуллари ҳамда тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиб, фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказдилар. Қабул жараёнида аҳоли ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан мурожаат қилиб, таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Фуқаролар томонидан асосан адир ҳудудида дала томорқа ерларини суғоришда сув муаммоси, айрим кўчаларни асфальтлаш, пиёдалар йўлаги, тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш, қаровсиз ва дайди итларни назоратга олиш, ижтимоий кўмак каби 21 та мурожаат келиб тушди. Шундан 13 таси жойида ҳал этилди.
Қабул давомида фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, уларни ортиқча оворагарчиликка солмасдан қонуний ечим топиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди ва ижроси назоратга олинди.
Аҳоли билан бундай очиқ мулоқотлар жойлардаги муаммоларни чуқур ўрганиш, фуқароларнинг дарду ташвишларини эшитиш ва уларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Бу эса одамлар манфаатини таъминлаш, халқ розилигини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.










