ИНСОН ҚАЛБИГА ЙЎЛ
2026-04-02 10:05:00 / Янгиликлар
Пайшанба – “ЁШЛАР КУНИ”
ИНСОН ҚАЛБИГА ЙЎЛ
“Ёшлар куни” муносабати билан Уйчи туманида турли тадбирлар, учрашувлар ташкил этилмоқда.
Туман ҳокими Музаффар Абдуллаев, сектор раҳбарлари ҳамда туман ДХХ масъул ходими Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаментининг 6-сонли тергов ҳибсхонасида ёшлар вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказдилар.
Юзма-юз мулоқот давомида ҳаётда тўғри йўл танлаш, хатолардан хулоса чиқариш ва келажакка ишонч билан қараш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муассаса ҳудудида 1 сотихли иссиқхона ташкил этилган бўлиб, унда бодринг ва қулупнай етиштирилмоқда. Бу ишларга ёш маҳкумлар жалб қилингани уларда меҳнат кўникмасини шакллантириш, масъулиятни ошириш ва келгуси ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашишда катта аҳамият касб этмоқда.
Самимий руҳда ўтган мулоқотда ҳар бир ёшнинг тақдирига бефарқ эмаслик, уларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятга қайтариш муҳим экани таъкидланди. Ёш маҳкумлар ҳам ўз фикр ва мулоҳазаларини баён этдилар.
Ушбу учрашув расмий тадбир эмас, балки инсон қалбига йўл топиш, умид уйғотиш ва келажакка ишонч бағишлашга қаратилган эзгу қадам бўлди.










