🔰 АЁЛ - ЭҲТИРОМ ВА ЭЪЗОЗГА МУНОСИБ
2026-03-06 10:25:00 / Янгиликлар
🔰 АЁЛ - ЭҲТИРОМ ВА ЭЪЗОЗГА МУНОСИБ
Уйчи туман маданият марказида 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тантанали кечада туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Музаффар Абдуллаев бошчилигида сектор раҳбарлари ҳамда фаол хотин-қизлар иштирок этдилар.
Таъкидлаш жоиз, аёлни эъзозлаш, эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Нафосат тимсоли бўлмиш азиз аёлларнинг соғлом зурриёд, баркамол авлодни тарбиялаб, вояга етказишдаги ўрни ва хизматини ҳеч нарса билан қиёслаб, баҳолаб бўлмайди. Шу боис ҳам аёл зотига, мамлакатимиз хотин-қизларига юксак ҳурмат, доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинаётгани давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Байрам тадбирида туман ҳокими сўз олиб, аёлларни ушбу қутлуғ айём билан қутлади. Фидойи хотин-қизлардан бир гуруҳига туман ҳокимининг “Ташаккурномаси” ҳамда совғалар топширилди.
Байрам табриги куй-қўшиқларга уланиб, лобар ва гўзал аёлларга ўзгача шодлик улашди. Вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари Саодат Афрўз, Ирода, Умид Қорабоев, Даминжон Қосимов, туман маданият бўлими хонандалари, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ёш истеъдод эгалари иштирокидаги байрам концерт дастури барчага манзур бўлди.










