ЮНЕСКОнинг 80 йиллигига бағишлаб яшил боғлар барпо этилмоқда
2025-11-01 15:18:00 / Янгиликлар

Экологик ташаббуслар ва барқарор ривожланиш
31-октябр куни Самарқанддаги “Боқий шаҳар” мажмуаси ҳудудида 1,2 гектар майдонда 564 туп дарахт ва буталар экилди. Экология вазирлиги томонидан ташкил қилинган тадбирда Буюк Британиянинг ЮНЕСКОдаги элчиси ва доимий вакили Анна Нсубуга, Буркина-Фасонинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Флавиен Имах Уильям Незиен, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икромов, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов, Ўрмон агентлиги директори Эркин Мухиддинов, Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев, "Яшил лойиҳа" лойиҳалаш институти директори Олим Ҳакимов, халқаро делегациялар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
“Ўзбекистон ҳукумати устувор йўналиш сифатида белгилаган экологик барқарорликни қўллаб-қувватлаш саъй-ҳаракатларига ўз ҳиссамни қўшиш мақсадида дарахт экиш тадбирида иштирок этаётганимдан nihoyatda мамнунман, — деди Буюк Британиянинг ЮНЕСКОдаги элчиси ва доимий вакили Анна Нсубуга. — Дарахтлар — бу сайёрамизнинг ўпкаси. Бизга кўпроқ яшиллик, кўпроқ ўсимликлар керак — улар ҳавони тозалайди, тупроқни мустахкамлайди ва барқарорлаштиради. Айниқса, шундай ажойиб жойда — “Боқий шаҳар”да — биз табиатдан илҳом олган, нафақат шу макон, балки бутун дунё келажагига хизмат қиладиган эзгу ишни амалга ошираётганимиз nihoyatda quvonarlidir”.
Боғда қайрағоч, каталпа, япон сафораси, эман, шарқий чинор, от каштани, лола дарахти, форзитсия, лаванда, туя, шунингдек акация, тол, хурмо ва олма дарахтлари ўтқазилди.
“Ўзбекистон сўнгги йилларда нафақат минтақада, балки бутун дунёда экологик вазиятни барқарорлаштириш борасида бир қатор ташаббусларни илгари сурмоқда. Жумладан, Давлатимиз раҳбари ЮНЕСКОнинг 43-Бош конференцияси очилиш маросимида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир бор иқлим муаммоларига қаратди, — деди “Яшил лойиҳа” лойиҳалаш институти директори Олим Ҳакимов. — Самарқандда барпо этилаётган Яшил боғ эса Ўзбекистоннинг экологик етакчилиги, бой маданияти ва глобал экологик бирдамлик ифодасидир”.
Яшил боғ шунчаки кўкаламзор эмас, балки ҳақиқий экологик инновациялар марказига айланади. Бу ерда:
– сув сарфини камайтирувчи томчилатиб суғориш тизимлари;
– энергия тежовчи қуёш панеллари ва насослар;
– ёмғир сувини йиғиб, қайта фойдаланиш тизимлари;
– чиқиндиларни компост қилиш ва тупроқни бойитиш жойлари;
– маҳаллий табиий материаллардан ясалган йўлаклар ва ўриндиқлар жорий этилади.
Сояли яшил ҳудудлар барпо этилиши натижасида шаҳар муҳитида ҳарорат пасаяди ва “иссиқлик ороли” эффекти камаяди. Яшил боғ “Silk Road Samarkand” туристик маркази ва Қорасув массиви ҳудудида, Зарафшон дарёсига яқин жойда жойлашади. Маданий марказга яқинлиги сабабли бу жой дам олиш, маърифат ва халқаро дўстлик рамзи сифатида хизмат қилади.
Лойиҳа концепцияси Амир Темур боғлари фалсафасига асосланади — улар ўтмиш, ҳозирги ва келажакни рамзий тарзда бирлаштирган. “Яшил боғ” Шарқнинг классик боғ меъморчилиги услубида яратилиб, Соҳибқирон Амир Темурнинг бизгача етиб келган машҳур 9 та боғига (“Боғи Чинор”, “Боғи Беҳишт”, “Боғи Давлатобод”, “Боғи Дилкушо”, “Боғи Шамол”, “Боғи Нав”, “Боғи Жаҳоннамо”, “Боғи Майдон”, “Боғи Баланд”) хос тарзда 9 та бўлимга ажратилади ва Соҳибқирон боғлари хусусиятларини ўз ичига олади. Боғ бўлимларида ўша даврга хос тарзда чинор, оқ қайин, тут, хурмо, кедр, павлония, атиргул буталари, лаванда, магнолия, лола, тол, акация, фотиния, заранг, қайрағоч, сакура, секвойя ва бошқа дарахт ва буталар ўтқазилади.
Режага кўра, ЮНЕСКОнинг 80 йиллигига бағишлангани учун рамзий маънода 80 мингта дарахт ва бута экилади. Бу дарахтлар нафақат эстетик муҳит яратади, балки экологик мувозанатни ҳам таъминлайди. Боғда ўзбек рассомлари ва дизайнерлари томонидан яратилган замонавий арт-инсталляциялар ҳам жойлаштирилади. Лойиҳа маҳаллий ҳамжамиятлар ва халқаро ҳамкорларни яшил келажак сари бирлаштиради.
Барқарор келажак сари ташланган ҳар бир қадам амалий аҳамиятга эга. Шу маънода, жаҳоннинг турли бурчакларидан иштирокчиларни бирлаштирадиган йирик халқаро тадбир чоғида атмосферага чиқариладиган зарарли ташламалар миқдорини камайтириш мақсадида 80 000 дарахт экиш ташаббуси — экологик масъулият ва илмий ёндашувнинг ёрқин ифодасидир. Бу дарахтлар нафақат углерод изини нейтраллаштиришга хизмат қилади, балки минтақанинг иқлим барқарорлиги, ҳаво сифати ва биоихтиёрлилигини мустаҳкамлашга ҳам улкан ҳисса қўшади. Табиат билан уйғунликда ўтказилган бундай акция инсон фаолиятининг экологик изини қайта кўриб чиқишга чорлаб, барқарор тараққиёт ғоясини амалда намоён этади.
“Яшил боғ” ташаббуси келажак авлодлар учун очиқ, барқарор яшил макон яратиш сари муҳим қадамдир. У Самарқанд ва бутун Ўзбекистоннинг экологик ҳамда маданий ривожланишга содиқлигини ифода этувчи тирик тимсолга айланади.





