Самарқандда “YUNESKOнинг 80 йиллиги боғи” барпо этилмоқда
2025-10-14 16:47:00 / Янгиликлар

Ушбу замонавий яшил жамоат парки Экология вазирлиги ҳузуридаги “Яшиллойиҳа” лойиҳалаш институти томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа асосида ташкил этиляпти. Ўрмон агентлиги тасарруфидаги Самарқанд давлат ўрмон хўжалигининг 30 нафардан зиёд ишчи-хизматчилари меҳнат қилаётган ҳудудда ҳозирда ер тайёрлаш ишлари якунига етказилган. Бунёдкорлик ишларига замонавий техникалар ҳам жалб қилинган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 5 гектар майдонда барпо этиладиган янги яшил жамоат паркида замонавий томчиллаб суғориш тизими, маҳаллий аҳоли ва шаҳар меҳмонлари кўнгилдагидек дам олиб ҳордиқ чиқариши учун соябонли ўриндиклар, йўлаклар ва тунги ёритиш чироқлари ташкил этилиши, 1 500 тўпга яқин 26 турдаги каштан, чинар, шарқ туяси, эман, магнолия, Қрим қарағайи, лола, япон бехиси каби манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилиши режалаштирилган.
Лойиҳанинг асосий мақсади — шаҳарда экологик барқарорлик ва атмосфера ҳавоси тозалигини таъминлаш, аҳоли ва меҳмонлар дам олиб ҳордиқ чиқариши учун етарли шарт-шароитлар яратишдан иборат.



