Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш: амалиёт, муаммолар ва ечимлар
2025-07-23 10:02:00 / Янгиликлар
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан Ўрмон агентлиги ҳузуридаги Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий-ишлаб чиқариш марказининг фаолияти ўрганилди. Дастлаб, Марказда фаолият олиб бораётган мутахассислар, лаборатория ходимлари, илмий тадқиқотчилар билан мулоқотлар ўтказилди.
Айтиш жоизки, Марказ томонидан кейинги йилларда доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш, ёввойи доривор ўсимликлар мавжуд бўлган ҳудудларни ўрганиш, заҳираларини аниқлаш, оналик плантацияларини ташкил этиш бўйича бир талай ишлар амалга оширилмоқда.
Бугун Марказ мутахассислари томонидан маданий ҳолда етиштириладиган 34 турдаги доривор ўсимликларнинг агротехнологик хариталари ишлаб чиқилган.
Марказнинг доривор ўсимликлар интродукцияси ва агротехникаси лабораторияси илмий ходимлари томонидан ҳудудлардаги ўрмон фонди ерларида доривор ўсимликларнинг ареаллари ва заҳиралари аниқланган ва уларнинг электрон хариталари яратилган.
Доривор ўсимликларнинг навлари маҳаллий шароитга мослаштирилиб, иқлимлаштириш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти Пискент туманидаги тажриба участкасида доривор ўсимликларнинг 60 дан ортиқ турларининг селекцион ва коллекцион кўчатзорлари ташкил этилган. Ўрганиш жараёнида мутахассислар томонидан муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, мулоқотлар давомида мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, соҳанинг экспорт имкониятларини ошириш, доривор ўсимликлар хомашёси ва улардан олинадиган маҳсулотларни сертификатлаш ва стандартлаштириш лабораториясини ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.
