"Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил" дастури доирасида ёшлар учун саёҳат ташкил қилинди
2025-07-14 16:25:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги "2025-2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил" ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун ҳар ойнинг иккинчи ҳафтаси шанба ва якшанба кунлари оила ёки жамоа билан саёҳатга чиқиш куни сифатида белгиланган.
Ушбу Фармонга асосан Экология вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигига саёҳат ташкил қилинди.
Ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва ички туризмни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Агентлик марказий аппаратида фаолият олиб бораётган ёш мутахассислар билан биргаликда Тошкент давлат аграр университети талабалари ҳам саёҳат қилишди. Иштирокчилар Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигида жойлашган ҳайвонот боғи, кўчатхона ва ниҳолхоналар билан яқиндан танишишди. Шунингдек, ўрмон хўжалигида сайёҳлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ва туризм имкониятлари борасида маълумотларга эга бўлишди.
Бу каби тадбирлар ёш мутахассислар учун ўрмон хўжаликларида қилинаётган амалий ишлар билан яқиндан танишиш билан бирга ўзаро тажриба орттириш имкониятини тақдим этиши билан ҳам аҳамиятлидир.
