Тошкент шаҳрида “Эcо Expo Central Asia 2025” халқаро кўзгазмаси бўлиб ўтмоқда
2025-06-19 22:14:00 / Янгиликлар
Ушбу халқаро тадбирда Ўрмон ва яшил ҳудудларни кенгайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги томонидан “Яшил макон” деб номланган кўргазма павильони ташкил этилган бўлиб, унда мамлакатимизда ўрмон ҳудудларини кенгайтириш, яшиллик даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз аксини топган.
Мазкур кўргазма ҳудудига кирган киши, жаннатмакон юртимизнинг бой ва бетакрор табиати, ноёб ўсимликлар олами, ниҳолхоналар ва кўчатхоналарда ўрмончилар меҳру машаққати билан парвариш қилиниб ўстирилаётган дарахт ва бута кўчатларини кўриб бир олам таассуротлар олиши тайин.
Шунингдек, ўрмончилар меҳнати билан етиштирилаётган асал маҳсулотлари, ўрмон хўжаликларида тайёрланаётган шифобахш доривор маҳсулотлари ҳам Ўрмон агентлигининг кўргазмасига ташриф буюраётган меҳмонларнинг эътибори ва эътирофига сабаб бўлмоқда. Энг аҳамиятлиси кўргазмалардан ўрин олган такрорланмас табиатимиз ҳақида таассурот уйғотувчи ушбу табиат олами намуналари тадбир меҳмонларини табиатни севишга, ўз ҳудудида кўпроқ дарахтлар экиб, яшиллик яратишга ундайди.
