Ёшларнинг экологик муаммоларга қарши курашиш борасидаги таклифлари тингланди
2025-06-02 09:36:00 / Янгиликлар
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар оромгоҳи”да экологик маданиятни шакллантиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
“Эко-оромгоҳ–2025” доирасида ўтказилган семинарда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Эркин Муҳиддинов, вазирлик бўлим бошлиғи Заррина Абдуллаева ҳамда ёшлар иштирок этди.
Семинарда нутқ сўзлаган Эркин Муҳиддинов бугун бутун дунёда экологик муаммолар долзарб тус олаётганлигини таъкидлади.
“Сув танқислиги, чўлланиш, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, чиқиндилар, транспортдан ташланадиган ташламалар ва бошқа табиий ва антропоген омиллар экологияга жиддий хавф солмоқда. Бу муаммоларга ижобий ечим топишда, албатта, Сиз ёшларнинг ташаббусларингиз, иштирокингиз жуда муҳим ҳисобланади. Шунинг учун барчангизга атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бефарқ бўлмаганлигингиз учун миннатдорлик билдирамиз ва янада фаол бўлишга чақирамиз”, – деди у.
Тадбир давомида ёшлар экологик муаммоларга ечим излаш борасидаги фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
“Бизнинг ҳудуд республикада чўлланиш даражаси юқори ҳудудлардан ҳисобланади, деди Навоий давлат университети талабаси Дилмеҳра Бозорова. — Қолаверса, юртимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро вилояти каби ҳудудларида ҳам бу муаммо кучаймоқда. Чўлланишнинг олдини олиш учун, аввало, яшиллик даражасини ошириш, қурғоқчиликка чидамли дарахтлар экиш лозим”.
Тадбирда ёшларга атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш борасида керакли тавсиялар берилди.
