Қуйи Чирчиқ ва Чиноз тумани ёшларининг муаммолари тингланди
2025-05-30 12:08:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 14 февраль куни ёшлар билан очиқ мулоқот тарзида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Экология вазириги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Эркин Муҳиддинов Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги Тўқбой ва Балиқчи маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда Чиноз туманидаги Бунёдкор ва Тинчлик маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ кам таъминланган, ишсиз ёшлар ва уларнинг яқинлари билан учрашди.
Очиқ ва самимий руҳда бўлиб ўтган учрашувларда ёшларнинг муаммолари, режа ва мақсадлари тингланди. Уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, талаб юқори бўлган чет тилларига ўқитиш, тадбиркорлик ва ва бошқа соҳаларда фаолиятини ташкил этишда кўмаклашиш ҳамда мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштириш масалалари юзасидан тегишли чоралар кўрилиши белгиланди. Ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар доимо қўллаб-қувватланилиши таъкидланди.
"Барчанинг орзу ва мақсадлари бўлади. Бугунги мулоқотда иштирок этаётган ёшларнинг орзуларини амалга оширишда кўмакдош бўлсак, уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлишига замин яратилади. Ҳеч қачон олдингизга мақсад қўйишдан ва меҳнат қилишдан тўхтаманг", - деди Э. Муҳиддинов.
Тадбирларда ёшлар бугун давлат томонидан уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорчилик билдиришди.
Якунда иштирокчиларга эсталик совғалари топширилди.
