Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги
2025-05-29 09:30:00 / Янгиликлар
Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги 1947 йилда ташкил топган. Хўжаликнинг умумий ер майдони 379699,4 гектар бўлиб, шундан ўрмон билан қопланган майдон 80462,15 гектар, маданий ўрмонзор 3704,03 гектар, туташмаган ўрмонзор 3677,34 гектар, ўрмон ниҳолхоналари 55,4 гектар ҳисобланади. Хўжалик ҳудудида Чатқол, Пском, Сижжак, Саргардон, Хумсон, Оқбулоқ, Чакак, Бурчмулла, Қоронғутўқай, Огаен, Тўракбау ўрмон бўлими ва Озодбош, Абдураҳмонов, Юсуфхона ниҳолхоналари мавжуд.
Ўрмон хўжалигида Абдукарим Абдужамилов 1979 йилдан бери раҳбарлик қилиб келади. 80 ёшни қаршилаётган Абдукарим ҳожи бобо бутун ҳаётини ўрмончилик соҳасига бағишлаган. Унинг узоқ йиллик раҳбарлик фаолиятида 35 минг гектар майдонда янги ўрмонлар ташкил этилди. Ҳозирда хўжаликда 800 дан зиёд ходим меҳнат қилиб келмоқда. Уларнинг аксарияти маҳаллий аҳоли вакиллари ҳисобланади.
Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги Ғарбий Тяншан ҳудудининг олтита тоғ тизмаларини қамраб олади. Ҳудудда 1800 га яқин ўсимлик дунёси тарқалган бўлиб, 80 дан ортиғи Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоб”ига киритилган. Шунингдек, ҳайвонот дунёсининг 230 хилга яқин турлари яшайди, шундан 32 тури Ўзбекистон ва Халқаро “Қизил китоб”ларига киритилган.
Ўрмон хўжалиги томонидан ҳар йили 308 гектар майдонда янги ўрмонзорларни барпо этиш тадбирлари бажариб келинмоқда. Экиладиган кўчатларнинг асосий турлари игна баргли: қирим қарағайи, можжевелник, шарқ туяси, манзарали кўчатлардан: каштан, дуб, липа, ясен, клён, терак, қайроғоч, япон сафораси, мевали кўчатлардан: грек янғоғи, бодом, наматак, олма, ўрик, олхўри, олча ва бошқа турдаги кўчатлардан иборат.
Хўжаликнинг 9 та назорат ҳудудида ўрмон ниҳолхоналари ташкил қилиниб, 55,33 гектар майдонда ниҳол ва кўчатлар етиштирилмоқда. Доривор ва озуқабоп ўсимликлар хомашёсини сақлаш учун махсус омборхона ажратилган бўлиб, бугунги кунда у ерда ҳар хил турдаги доривор ўсимликлар сақланмоқда.
Бурчмулла ўрмон хўжалиги ҳудудидан Чатқол, Коксу, Пском ва Угом дарёлари оқиб тушиб, Чирчиқ дарёси ҳосил бўлади. Бу дарё Тошкент шаҳри ва вилоятини ичимлик суви билан таъминлайди.
