Ўрмон ёнғинларига қарши курашишнинг дунё тажрибаси қандай?
2025-05-28 15:30:00 / Янгиликлар
Бутун дунёда ўрмонлар экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бугун уларни муҳофаза қилиш ва қайта барпо этиш долзарб масалалардан бири. Шу мақсадда жаҳон миқёсида ўрмон майдонларини кенгайтириш, турли кўчат турларини етиштириш ва ёнғинларга қарши курашиш борасида қатор чоралар кўрилмоқда. Ўрмон ёнғинлари Антарктидадан ташқари ҳар бир қитъада содир бўлади. Аммо, сайёрадаги ўрмон ёнғинлари энг кўп юз берадиган ҳудудлар сирасига Австралиянинг ўсимликларга бой ҳудудлари, Жанубий Африканинг ғарбий қисмлари, Шимолий Америка ва Европанинг қуруқ минтақаларида жойлашган ўрмонлар киради. Дунёда ўрмон ёнғинларига қарши курашиш усуллари хилма-хилдир. Энг илғор мамлакатлар замонавий техникалардан фойдаланаётган бир вақтда айрим давлатлар ҳануз кўпроқ ишчи кучига таянмоқда.
Африка
Маълумотларга кўра, дунё бўйича ўрмон ёнғинларининг 54 фоизи Африкада содир бўлади. Қитъада энг кўп ўрмон ёнғинлари Жанубий Африка давлати ҳудудларида юз беради. Шунингдек, мамлакатнинг ғарбий ҳудудлари нисбатан қуруқ бўлганлиги сабабли ёнғинлар кўп учрайди. Бошқа томондан Жанубий Африка аҳолисининг турмуш тарзи бевосита ёнғинларга боғлиқ. Улар бундан иссиқлик манбаи ва овқат пишириш учун фойдаланишади, чунки мамлакатнинг аксарият қисмида электр таъминоти мавжуд эмас. Шунинг учун Жанубий Африка ҳукумати "Оловда ишлаш" (WоФ) деб номланган дастурни ишга туширган. Ушбу дастур ўрмон ёнғинлари муаммосини ҳал қилиш ва минтақадаги ишсизлик даражасига қарши курашиш учун ишлаб чиқилган. Ҳозирда WоФ тизимида Жанубий Африкадаги 5000 нафардан ортиқ ходим меҳнат қилади. Дастур Жанубий Африкадаги ўрмон ёнғинлари тарқалишини назорат қилиш бўйича муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Хитой
Хитой ўрмонларга бой эмас. Мамлакат ер майдонининг умумий 16,5 фоизи ўрмон билан қопланган. Ўрмон майдонлари асосан аҳоли зуч бўлмаган, чекка ҳудудларда жойлашган. Айни шу жиҳат ўрмон ёнғинлари билан курашишни қийинлаштиради. Шунингдек, баланд тоғлар ва чуқур водийларда ўрмон ёнғинлари тез-тез юз беради. Хитойнинг аксарият қисмида ёнғинларга қарши курашда малакали мутахассислар, инфратузилма ҳамда тегишли ўт ўчириш ускуналари етишмайди. Бу мамлакат аҳолисининг қарийб 46 фоизи истиқомат қиладиган қишлоқ ҳудудларига тўғри келади.
Австралия
Австралияда мавжуд табиий ўсимликларнинг ёниш даражаси жуда юқори. Масалан, 2009-йил февраль ойида мамлакатда содир бўлган энг даҳшатли табиий офатдан қарийб бир миллион гектарга яқин майдон ёниб кетган. Австралия ёнғинга қарши курашиш бўйича технологик жиҳатдан энг илғор давлат ҳисобланади. Ҳукумат яқинда мамлакат бўйлаб иккита дрон, иккита мобил қўмондонлик маркази ва ўт ўчириш машиналаридан иборат 180 дан ортиқ мобил маълумотлар терминалларини ишга туширди. Янги технология ўт ўчирувчиларнинг фавқулодда вазиятларда реал вақт режимида маълумотларга эга бўлишини таъминлайди. Австралиялик ўт ўчирувчилар 295 футлик сув оқимини бир вақтнинг ўзида тизгинлай оладиган ва 1600 фут масофадан бошқариладиган ёнғин ўчириш роботларидан фойдаланишади.
Европа
Яқинда халқаро тадқиқот гуруҳи ўрмон ёнғинларидан зарар кўриш эҳтимоли юқори бўлган Европа мамлакатларини аниқлади. Булар орасига Албания, Болгария, Кипр, Франсия, Италия ва Испания давлатлари киритилган. Бироқ, ёнғинларга қарши курашиш Европа Иттифоқининг ҳар бир мамлакатида устувор вазифа саналади. Масалан, Германияда ҳатто энг кичик қишлоқларда ҳам кўнгилли ёнғин бўлими бўлиши шарт. Шунинг учун ушбу мамлакатдаги 900 000 нафар ўт ўчирувчиларнинг қарийб 98 фоизи кўнгиллилардир. Умумий аҳолининг ҳар 70 нафар нафарига 1 нафар кўнгилли ўт ўчирувчи тўғри келади. Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичдир. Австрияда ёнғинга қарши курашиш хизматида 320 000 нафар кўнгилли ўт ўчирувчилар фаол меҳнат қилишади. Португалияда ҳам 45000 нафар ўт ўчирувчиларнинг катта қисми кўнгиллилар ҳисобланади. Испанияда эса мамлакатдаги 22000 нафар ўт ўчирувчиларнинг қарийб 90 фоизи давлат хизматчилари, 1500 нафарга яқини эса кўнгиллилар иборат. Франсияда 7000 дан зиёд ўт ўчирувчилар франсуз армияси аскарлари, зобитлар ва адмирал қўмондонлигидаги денгизчилардир.
Жанубий Америка
Жанубий Американинг 50 фоиздан зиёд ер майдони ўрмонлар билан қопланган. Материкда ўрмон ёнғинлари асосан қурғоқчилик туфайли вужудга келади. 2000 йилда эълон қилинган Global Environmental Outlook ҳисоботида Жанубий Америка мамлакатларида ёнғинларни ўчириш учун технология ва малакали кадрларнинг етишмаслиги қайд этилган. Чили ўрмон ёнғинларига қарши курашишда қатор зарурий чоралар ишлаб чиқаётган давлатлардан биридир. Ҳукумат ёнғинларга қарши курашадиган ходимларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш учун "Ёнғин устида ишлаш" дастурини ишга туширган. Бугунги кунда Чилида 1200 нафарга яқин ўт ўчирувчилар фаолият кўрсатади.
Ўзбекистон
Мамлакатимизда ҳам ёз ва куз ойларида ғалла ҳосили йиғиб олингандан сўнг унинг қолдиқларини ёқиш, дам олувчилар табиат қўйнида очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиши оқибатида ўрмон ёнғинлари содир бўлади. Республикадаги ўрмон хўжаликлари мутахассислари томонидан ёнғинларни бирламчи ўчириш воситалари тайёр ҳолатга келтирилиб, ёнғинларга қарши тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
