Ўрмон хўжаликларида суғориш қудуқлари фойдаланишга топширилмоқда
2025-05-19 15:59:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги “2025 – 2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 454-сон қарори билан жорий йилда ўрмон фонди ерларида жами лойиҳа қиймати 12 млрд 800 млн сўм бўлган 27 та суғориш қудуқлари барпо қилиш белгиланган. Шу кунларда Экология вазирлиги ҳузуридаги “Бинолардан фойдаланиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари” давлат муассасаси буюртмачилигида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Айтиш жоизки, фойдаланишга топширилаётган суғориш қудуқлари ўрмонлар ҳудудини кенгайтириш, кўчатлар парваришини сифатли ташкил қилинишида муҳим ҳисобланади. Бугунги кунда 12 та объектнинг қурулиш-таъмирлаш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди, жумладан:
— Яккабоғ давлат ўрмон хўжалигида барпо этилган қудуқ 15 гектар ер майдонини суғориш имконига эга. Яқин келажакда ҳудудга катальпа, ясин ва ўрик кўчатлари экилиши режалаштирилган.
— Тошкент давлат ўрмон хўжалигидаги суғориш қудуғи ёрдамида 10 гектарлик кўчатхона, шу билан бирга қайрағоч ва ясиндан иборат ўрмонзорлар суғорилади.
— Сирдарё давлат ўрмон хўжалигида фойдаланишга топширилган янги суғориш қудуғи кўмагида 45 гектар майдондаги ерларни обод қилиш имконияти яратилди. Ҳудудда 2 гектар ерга кўчатхона, қолган қисмида ясин, қайрағоч кўчатларидан ўрмонзорлар ҳамда наъматак ва жийда каби ўсимликлардан иборат доривор ҳудудлар барпо этилади.
— Қуйичирчиқ давлат ўрмон хўжалигида ишга туширилган суғориш қудуғи ёрдамида ҳудуддаги 20 гектар ерларни суғориш режалаштирилган. Эндиликда ҳудудда кўчатхона қурилади, шунингдек, қайрағоч, чинор, тут, лаванда, катальпа ва терак кўчатлари экилади.
— Андижон давлат ўрмон хўжалигидаги 35 гектар ерлар янги қудуқ ёрдамида суғорилади. Шу билан бирга ҳудудда маданий ўрмонзор барпо этиш режалаштирилган.
— Хатирчи давлат ўрмон хўжалигида қурилган суғориш қудуғи 10 гектар ерни сув билан таъминлайди. Ҳудудда ниҳолхона ва кўчатхона барпо этилади.
— Фориш давлат ўрмон хўжалигидаги суғориш қудуғи 6 гектар кўчатхонани суғориш учун режалаштирилган.
— Қамаши давлат ўрмон хўжалигидаги янги қудуқ 5 гектар ерни суғоришга мўлжалланган бўлиб, ҳудудга тут ва қайрағоч экиш мақсад қилинган.
— Хоразм давлат ўрмон хўжалигида янги барпо этилган суғориш қудуғи 10 гектар ерни сув билан таъминлайди. Ҳудудда қайрағоч, тут, терак, катальпа экилади.
— Муборак давлат ўрмон хўжалигига барпо қилинган суғориш қудуғи кўмагида мавжуд ко ъчатхоналар ишини янада сифатли ташкил этиш режалаштирилган.
— Қашқадарё давлат ўрмон хўжалигидаги янги қудуқ ёрдамида 4 гектар ер суғорилади. Ушбу ҳудудга жийда, арча, ясин ва қайрағоч кўчатларини экиш белгиланган.
— Бахмал давлат ўрмон хўжалигида ишга туширилган суғориш қудуғи 5 гектар ҳудудга барпо этилиши режалаштирилган кўчатхонани суғоришга мўлжалланган.
Ҳозирги кунда яна 15 та объектда ишлар давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг 2-чораги якунига қадар барча суғориш қудуқларининг қурилиш-таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланиши режалаштирилган.
