Бектемир туманида яшил белбоғ барпо этилди
2025-05-01 15:19:00 / Янгиликлар
Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидаги “Фоод sity” бозори атрофида “яшил белбоғ” барпо қилиш мақсадида икки гектардан ортиқ майдонга 700 тупдан зиёд йирик ҳажмли ясин ва клён дарахт кўчатлари экилди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳамда Тошкент шаҳар Бектемир тумани томонидан ташкил этилган тадбирда Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Эркин Муҳиддинов, Бектемир тумани ҳокими Нурилло Абдураҳмонов ва қатор ташкилотлар вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, баҳор мавсумида дарахт экиш халқимизга хос анъаналардан. Бугунги кунда республикада яшиллик даражасини ошириш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, сўнгги йилларда катта шаҳарлар, йирик саноат корхоналари ва магистраль йўл ёқаларига “яшил белбоғ”лар барпо этилмоқда.
Экилган дарахт кўчатлари ҳудуднинг экологик ҳолатини сақлаш, иқлим ўзгариши муаммоларини юмшатишга ҳамда атроф-муҳит яшиллигини таъминлашга ёрдам беради.
