Шаҳрисабзда Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан ҳайъат йиғилиши ўтказилди
2025-04-28 22:49:00 / Янгиликлар
Бугун Шаҳрисабз Маданият саройи фаоллар залида Экология вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан 2025 йил I чорагида бажарилган ишлар ҳамда йил якунига қадар амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Эркин Муҳиддинов, Агентликнинг маъсул раҳбар ва ходимлари, ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишни Э. Муҳиддинов кириш сўзи билан очиб, барчани кун тартиби ва ҳайъат аъзолари таркиби билан таништирди.
Шундан сўнг, Ўрмон хўжалиги агентлиги тизим ташкилотларида инвестициялар жалб қилиш, молиявий барқарорликни таъминлаш ва ҳудудий ўрмон хўжаликларининг I чорак натижалари юзасидан таҳлилий фикрларини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Атроф- асраш ва яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги 16-сон фармонида мамлакатимизда ўрмонлар ҳудудини кенгайтириш ва яшиллик даражасини оширишга оид муҳим вазифалар белгиланган.
“2025 йилнинг биринчи чорагида 126 минг гектар майдонларда ўрмон барпо қилиш ва қайта тиклаш тадбирлари амалга оширилди. Жумладан, Оролбўйи ҳудудларида жами 124 минг 500 гектар, Бухоро вилояти Олот туманида 22 минг 300 гектар, Навоий вилояти Томди, Учқудуқ туманларида 16 минг 200 гектар ва Хоразм вилояти Тупроққаъла туманида 15 минг гектар майдонда “яшил қопламалар”, Республика бўйича 256 гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари барпо қилинди. Шунингдек, 500 гектар майдонда терасса усулида ўрмонлар барпо этиш ишлари бошлаб юборилган”, - деди Э. Муҳиддинов.
Кўчатчилик соҳасини ривожлантириш мақсадида йигирмага яқин ўрмон хўжаликлари кўчатчиликка ихтисослаштирилиб, бу бўйича қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ, бу борада айрим ўрмон хўжаликлари томонидан камчиликларга йўл қўйилаётгани танқид қилинди.
Йиғилиш давомида Э. Муҳиддинов доривор ўсимликларни етиштириш, “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида “яшил боғлар” барпо этиш, терасса усулида ўрмонзорлар яратиш, ижара муносабатларини тўғри ташкил этиш, ёнғинларнинг олдини олиш, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш каби масалаларни таҳлилий кўриб чиқиб, масъулларга зарурий тавсия ва топшириқлар берди.
