Ўзбекистонда ўрмон барпо этиш ва чўлланишга қарши кураш бўйича тизимли ишлар давом этмоқда
2025-04-25 18:20:00 / Янгиликлар
Сўнгги йилларда мамлакатимизда экологик муаммоларнинг олдини олиш, иқлим ўзгаришларининг оқибатларини юмшатишга қаратилган чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Ушбу ўрмон-мелиоратив тадбирлари Экология вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги, Экология вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2018-2024 йиллар давомида 1 млн 865 минг гектар майдонда чўл ўсимликларининг уруғи ва кўчатидан “яшил қопламалар” барпо этилди.
Мазкур ҳимоя ўрмонзорларининг 1 млн 783 минг гектари чўл ўсимликларининг уруғидан, 82 минг 397 гектари чўл ўсимликларининг кўчатидан барпо этилган.
Бу тадбирлар учун қарийб 7 ярим минг тонна саксовул ва бошқа чўл ўсимликларининг уруғлари жамғарилди. Йилига 100 гектардан кам бўлмаган майдонда саксовул ниҳолхоналари ташкил этилди.
Ҳар йили ўртача 1000 та гача техника ва механизмлар, самалёт ва мотоделтаплан жалб этилди.
Жорий йил 1-чораги давомида жами 126 минг гектар майдонда ўрмон барпо қилиш ва қайта тиклаш тадбирлари амалга оширилди. Шундан, 124 минг гектардан зиёди Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларига, 1,5 минг гектари бошқа чўл ҳудудларга тўғри келади.
18 та ўрмон хўжаликлари кўчатчиликка ихтисослаштирилди. Ўрмон хўжаликлари томонидан 350 гектардан ошиқ майдонда ниҳолхона ва кўчатхоналар ташкил этилди.
Шунингдек, тупроқ-иқлим шароитига мос дарахт ва буталар турларидан ёпиқ илдизли контейнерларда кўчатлар етиштириш йўлга қўйилди. Ҳозирда 378 минг дона ниҳол-кўчатлар махсус идишларга (контейнер, яшик ва ҳ.) экилиб парваришланмоқда.
Кейинги йилларда Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда самарали ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан биргаликда "Таназзулга учраган ўрмонлар ва бошқа ерларни қайта тиклаш" лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида Жондор давлат ўрмон хўжалигида 45 га майдонда ўрмонлар барпо қилинди.
БМТнинг Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда кўллар, сув-ботқоқ ерлари ва қирғоқбўйи ҳудудларини сақлаш, бошқариш ва тиклашга қаратилган лойиҳа олиб борилмоқда.
Хитойнинг Шинжон экология ва география институти билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг чўл ҳудудларида шўрланишга чидамли галофит ўсимлик турлари экиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизнинг 5 та ҳудуди – Арнасой, Муборак, Қоракўл, Кармана ҳамда Нукус туманларида галофит боғлари ташкил қилиш учун 10 гектардан ер майдонлари ажратилган. Ҳозирда лойиҳалаштириш жараёнлари давом эттирилмоқда.
Аҳамиятлиси, чўл ва ярим чўл ҳудудларда галофит ўсимликлар экилиши натижасида тупроқ эрозияси ва шўрланиш даражаси камаяди ва экологик барқарорликни таъминлашга эришилади.
Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан 2025 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 7 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф- асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Фармонида белгиланган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда ўрмонлар ҳудудини кенгайтириш, яшиллик даражасини ошириш ва чўлланишнинг олдини олиш бўйича тизимли чора-тадбирлар белгилаб олинган.
