Жиззахда илк бор терасса усулида яшил боғлар барпо этилмоқда
2025-04-17 11:27:00 / Янгиликлар
Шу кунларда Жиззах давлат ўрмон хўжалиги томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Шароф Рашидов туманидаги 35 гектар ҳудудда яшил боғлар яратиш ишлари давом эттирилмоқда. Эътиборлиси, бу боғлар Туркия ва Хитой тажрибасидан фойдаланилган ҳолда терасса усулида барпо этилмоқда.
— Иқлими кескин континентал эканлиги сабабли ушбу ҳудудларда ёз фасли иссиқ давом этади. Бундай шароитда суғориш билан боғлиқ муаммолар сабабли экилган кўчатларни катта харажат ва меҳнат эвазига парваришлаш ҳудуд учун катта ютуқ ҳисобланади, — дейди Жиззах давлат ўрмон хўжалиги раҳбари Абдукарим Холматов. — Шу сабаб илмий ёндошувлар асосида кўчат экиш усулларини такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратмоқдамиз. Туркия ва Хитой давлатларида бўлиб, табиий ёмғир сувларидан унумли фойдаланиш, тошлоқ ерларда дарахт кўкартириш бўйича янгиликлардан фойдаланган ҳолда вилоятимизда терасса усулида яшил боғлар яратилмоқда.
Ушбу яшил боғлар “Янги Ўзбекистон” массиви ҳудудидаги тепаликларда жойлашган. Унинг ҳудудига жами 12 минг туп туя, қайрағоч, бодом, писта, ясин, клён каби дарахт кўчатлари ўтқазилган. Терасса усули қор ва ёмғир сувларининг тепаликдан пастга оқиб кетишидан, ҳар бир қаватда йиғилишига ва намликнинг узоқ муддат сақланиб қолишига ёрдам беради.
Ўрмончилар жазирамага ҳам махсус тайёргарлик кўришган. Янги боғлар Зарафшон дарёсидан сув ичади. Бунинг учун дарё суви қуйиладиган Туятортар каналидан оқиб чиқувчи Қораянтоқ канали негизида сув ҳавзаси барпо этилди. Ушбу сунъий ҳавзада тўпланган сув 400 метргача баландликка кўтарилиб, томчилатиб суғориш усули билан ҳар бир кўчатга етиб боради. Мазкур лойиҳа учун республика бюджетидан 6 млрд сўм маблағ ажратилганган. Масъулларнинг айтишича, Жиззах тажрибаси айни пайтда Шаҳрисабз туманида ҳам синаб кўрилмоқда.
