Бугун, 15 апрель — Экологик билимлар куни
2025-04-15 11:31:00 / Янгиликлар
Бу сана 1992 йилда БМТнинг Рио-де-Жанейродаги конференциясида белгиланган. Мақсад экологик масъулиятни ошириш, табиатга ғамхўрлик қилиш маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида барқарор турмуш тарзини тарғиб қилишдан иборат.
Ўзбекистонда ёш авлодга экологик таълим ва тарбия беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда катта ишларни амалга оширмоқда: 10 мингдан ортиқ мактабда 32 мингга яқин экология-биология тўгараклари ташкил этилган бўлиб, уларда 470 мингдан ортиқ мактаб ўқувчилари қатнашмоқда. Шунингдек, 5 минг 200 та мактабда “экологик бурчаклар” ташкил этилиб, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида 132 соатлик экологик саводхонлик дарслари йўлга қўйилди.
"Green University" — Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетининг ташкил этилиши муҳим қадам бўлди. У илмий институтлар, техникумлар, мактаблар ва малака ошириш марказларини бирлаштириб, ҳудудда малакали кадрлар тайёрлаш ва экологик муаммоларнинг илмий ечимини топиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Экологик таълимни ривожлантириш нафақат келажакка қўйилган сармоя, балки инсон ва табиат уйғунлигининг энг муҳим шартидир. Бугун сайёрамизга ғамхўрлик қилиш орқали биз яшил ва барқарор келажакка замин яратамиз.
