"Арал Sea Wetlands" лойиҳаси Оролбўйи минтақасининг барқарорлигини оширишга ёрдам беради
2025-04-14 18:03:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 23 ноябрдаги "Республикада кўкаламзорлаштириш даражасини янада ошириш ва "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан 2024 - 2028 йилларда Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш, инновациялар ва "яшил" технологияларни кенг жорий этиш бўйича миллий дастур тасдиқланди.
Оролбўйи минтақасида "яшил белбоғлар"нинг яратилиши экологик барқарорликни таъминлайди ва шаҳар агломерацияларининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экологик жамғарманинг "Орол денгизи ҳавзаси ландшафтининг барқарор ва деградацияга барқарор ҳаёт тарзини қўллаб-қувватловчи асоси сифатида кўллар, сув-ботқоқ ерлар ва қирғоқбўйи йўлакларини сақлаш ва бошқариш" (Арал Sea Wetlands) қўшма лойиҳаси ҳам "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасининг кўкаламзорлаштириш ташаббусини амалга оширишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, ерлар деградациясининг олдини олиш орқали Орол денгизи ҳавзаларида экотизимлар ва яшаш воситаларининг барқарорлигини яхшилашдан иборат. Орол денгизининг фожиали қуришига қарамай, унинг ҳавзасида ҳали ҳам муҳим кўллар, ботқоқ ерлар ва қирғоқбўйи экотизимлари мавжуд. Оролбўйи минтақаси ўнлаб турдаги кўчманчи қушларнинг жуда муҳим учиб ўтиш йўлида жойлашган.
