COP31’дан нималар кутилмоқда?
2026-10-30 14:10:00 / Янгиликлар
COP31’нинг асосий йўналишлари
Конференциянинг асосий воқеаларидан бири 11–12 ноябрь кунларига режалаштирилган Иқлим бўйича ҳаракатлар юзасидан Жаҳон етакчилари саммитидир. Унда давлат ва ҳукумат раҳбарлари миллий иқлим устуворликлари, халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши ҳамда иқлим соҳасидаги ўзгаришларни жадаллаштириш механизмларини муҳокама қиладилар. Конференция дастури энергетика, барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигидан тортиб, биохилма-хилликни сақлаш, шаҳарларни ривожлантириш ва экологик технологияларни жорий этишгача бўлган кенг қамровли масалаларни ўз ичига олади.
Конференциянинг ҳар бир куни иқлим кун тартибининг муайян йўналишларига бағишланади. Жумладан, озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги ва саломатлик, энергетика ва транспорт, айланма иқтисодиёт ва чиқиндиларни қисқартириш, барқарор шаҳарлар ва инфратузилма, иқлимни молиялаштириш, яшил инвестициялар ва савдо, ёшлар, таълим ва экологик компетенцияларни ривожлантириш, илм-фан, саноат ва инновацион технологиялар, табиат, биохилма-хиллик, ўрмонлар ва сув экотизимларини сақлаш, ижтимоий ривожланиш, барқарор туризм ва адолатли ўтиш, шунингдек, мамлакатлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда инвестицияларни жалб қилишга қаратилган лойиҳаларни тайёрлаш масалалари кўриб чиқилади.
COP31 нинг Марказий Осиё учун аҳамияти
Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатлари учун сув ресурслари танқислиги, чўлланиш, ерларнинг деградацияси ва иқлим ўзгаришига мослашиш масалалари алоҳида долзарб аҳамиятга эга.
COP31 доирасидаги муҳокамалар халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, экологик лойиҳаларга инвестициялар жалб қилиш ҳамда сувни тежаш, экотизимларни тиклаш, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш ва барқарор қишлоқ хўжалиги соҳаларида тажриба алмашишга хизмат қилиши мумкин. Шунингдек, самарали иқлим ечимларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишда илмий ҳамжамият, ёшлар ва бизнес вакиллари ҳам муҳим роль ўйнайди.
Мажбуриятлардан амалий натижаларга
COP31 муваффақиятининг асосий мезони нафақат халқаро келишувларга эришиш, балки уларни амалда бажариш ҳам бўлади. Иқлимни молиялаштириш имкониятларидан фойдаланиш, технологияларни ривожлантириш ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш белгиланган мақсадларга эришишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Ўзбекистон учун конференция миллий экологик ташаббусларни халқаро майдонда намойиш этиш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва иқлим муаммоларини бартараф этиш бўйича янги ечимларни топиш учун қўшимча имконият яратади.
COP31 олдидаги асосий масала — глобал иқлим мажбуриятларини барқарор келажакни таъминлашга хизмат қиладиган аниқ лойиҳалар ва амалий натижаларга айлантиришдир.
