Ўрмончи-мураббийлар ва профилактика инспекторлар ҳамкорлиги йўлга қўйилади
2026-10-27 16:20:00 / Янгиликлар

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги директор ўринбосари Ғолибжон Қурбонов ҳамда Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Абдувоҳид Исмоилов иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ва шаҳарлар ИИБ профилактика инспекторлари, ўрмончи-мураббийлар ҳамда соҳа масъуллари иштирок этди.
Тадбир давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда ўрмончи-мураббийлар ва профилактика инспекторлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда кўчат етиштириш истагида бўлган аҳоли вакиллари ўртасида тушунтириш ишларини кенг йўлга қўйиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, иштирокчилар Ғузор туманида янги барпо этилган замонавий кўчатчилик марказида бўлиб, ушбу мажмуада яратилган шарт-шароитлар яқиндан танишишди.
Муҳокамалар давомида маҳаллаларда кўчат етиштиришни кенгайтириш, аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда лойиҳа ижросини самарали бажариш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбирда шартнома асосида кўчатчилик фаолиятини йўлга қўйган фуқаролар билан ўзаро суҳбат ўтказилди. Уларнинг соҳадаги тажрибаси, билим ва кўникмалари ҳамда амалга оширган ишлари таҳлил қилиниб, керакли кўрсатма ва тавсиялар берилди.




