Ғузорда бир йилда миллионлаб кўчат етиштирадиган замонавий марказ иш бошлади
2026-10-21 21:20:00 / Янгиликлар

Марказнинг асосий мақсади — маҳаллаларни сифатли кўчатлар билан таъминлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва кўчатчиликни аҳоли учун даромад манбаига айлантиришдир. Бу ерда манзарали ва мевали дарахтлар, буталар ҳамда гуллар етиштириш учун замонавий инфратузилма яратилган.
Хориж тажрибаси асосида барпо этилган мажмуанинг 50 гектарида манзарали дарахтлар, 5 гектарида мевали дарахтлар, 3 гектарида эса бута ва гул кўчатлари етиштирилади. Биринчи босқичда 1,6 миллион дона, кейинги босқичда эса 5 миллион дона ниҳол ва кўчат етиштириш режалаштирилган. Марказда 41 турдаги манзарали ва игнабаргли дарахт кўчатлари мавжуд. Очиқ кўпайтириш майдонлари, иссиқхоналар, уруғдан ниҳол етиштириш ва кўчатларни соялаш иншоотлари йил давомида узлуксиз ишлаб чиқариш имконини беради. Учта мембранали сув ҳавзасининг умумий сиғими 4,2 минг куб метрни ташкил этади. Шунингдек, 20 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган.
Қолаверса, компост ва мулча тайёрлаш ускуналари ҳамда қуёш панелларидан фойдаланиш ресурсларни тежашга хизмат қилади. Ҳисоб-китобларга кўра, замонавий технологиялар ёрдамида кўчат етиштириш ҳажми анъанавий усулларга нисбатан 8–10 баробар ошиши, сув сарфи эса 3 баробар камайиши мумкин. Натижада кўчатлар таннархи 30–40 фоизга пасайиши кутилмоқда.
Марказ фаолияти фақат кўчат етиштириш билан чекланмайди. Маҳаллаларга кўчат ва буталар етказиб бериш, зарарланган дарахтларни даволаш, мулчалаш ҳамда томчилатиб суғориш тизимларини ташкил этиш бўйича хизматлар ҳам йўлга қўйилади.
Ҳар бир маҳаллага ўрмончи мураббий бириктирилади. «Маҳалла еттилиги» аъзолари учун эса ҳар бир экиш мавсуми олдидан ўқувлар ташкил этилади. Бу кўчатларни шунчаки экиш эмас, балки уларни тўғри парваришлаш ва яшил ҳудудларнинг узоқ муддат сақланишини таъминлашга ёрдам беради.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — аҳолини кўчатчиликка жалб этиш. Кооперация шартномалари асосида фуқароларга ниҳоллар етказиб берилади. Улар ниҳолларни ўз хонадонларида бир-икки мавсум парваришлаб, тайёр кўчатга айлантиради. Етиштирилган кўчатлар кафолатли тарзда сотиб олинади. Бундай ёндашув оилалар учун қўшимча даромад манбаини яратиш билан бирга, кўчат етиштиришни маҳаллий иқтисодиётнинг муҳим йўналишига айлантириш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари марказ фаолияти билан танишар экан, кўчат экиш ва боғ яратиш халқимизга хос эзгу анъана эканини таъкидлади. Янги мажмуа ана шу анъанани замонавий технологиялар, тежамкор суғориш усуллари ва аҳоли манфаатлари билан уйғунлаштиради.





