Ўрмон маҳсулотларини етиштиришда халқаро ҳамкорлик янада кенгайтирилади
2026-10-15 18:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда Экология қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов, FAOнинг ўрмон хўжалиги бўйича мутахассиси Соён Жин хоним, Европа иқтисодий комиссиясининг Ўрмонлар ва биоиктисодиёт бўлими раҳбари Лилиана Анноватси-Жакаб, Жаҳон банки экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда ўрмон хўжалиги ерларида озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришни самарали йўлга қўйиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, агроўрмончиликни ривожлантириш ҳамда асаларичилик соҳасини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда сўзга чиққан Эркин Муҳиддинов ўрмонларда доривор ўсимликлар етиштириш самарадорлигини ошириш, минтақада чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, маҳаллий аҳоли учун ушбу йўналишда даромад топиш ва бандлик имкониятларини яратиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
«Мамлакатимизда давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ўрмон хўжалиги соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, агроўрмончиликни ривожлантириш, янги писта плантацияларини ташкил этиш, чўл иқтисодиётини кенг йўлга қўйиш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда», — деди Э. Муҳиддинов.
Аҳамиятлиси, мазкур нуфузли тадбир минтақада экологик барқарорликни таъминлаш, экоиқтисодиётни ривожлантириш, ўрмон маҳсулотларини кенг кўламда етиштириш ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.




