«Яшил» бизнес имкониятлари янада кенгайтирилади
2026-10-09 15:35:00 / Янгиликлар

Хусусан, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга 3 йил муддатга мораторий жорий этилиши, «Иккинчи имконият» иқтисодий амнистияси доирасида эса 2026 йил 31 декабргача айрим солиқ қарздорликлари бўйича пеня ва жарималарни ҳисобдан чиқариш имконияти берилиши тадбиркорлар учун муҳим енгилликлар яратади.
Тадбиркорлик лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳам кенгайтирилмоқда. Жумладан, кредит, банк кафолати, аккредитив ва лизинг бўйича 75 фоизгача кафиллик, интизомли тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит, давлат харидларида иштирок этаётган тадбиркорларга эса 2,5 миллиард сўмгача кафолат тақдим этилади. Бундай имкониятлар энергия тежамкор ускуналар, чиқиндиларни қайта ишлаш, сувни тежаш ва бошқа экологик лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳам молиявий имкониятларни кенгайтиради.
Фармонда инновацион ва яшил технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. «Келажак тадбиркори» дастури доирасида 8 та устувор йўналишда 30 тагача стартап лойиҳа молиялаштирилади ва ҳар бир лойиҳага 5 миллиард сўмгача инвестиция киритилиши мумкин. Дастур доирасидаги устувор йўналишларда сувни тежаш ва қайта фойдаланиш, энергия самарадорлиги, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда экологик инновациялар учун янги имкониятлар яратилмоқда.
