«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда янги тизимга ўтилади
2026-09-26 16:35:00 / Янгиликлар

Фармонга кўра, маҳаллаларда яшиллик даражасини оширишда ҳар бир одам учун 3 та дарахт, 30 фоиз дарахт сояси, 300 метр атрофида яшил ҳудуд бўлишини таъминлашни назарда тутувчи «3-30-300» халқаро стандарти жорий қилинади.
Шунингдек, 2030 йилга қадар яшил боғлар ва яшил жамоат парклари сонини 1023 тага етказиш, 2026 йилда «Яшил макон» доирасида куз мавсумида 257 та яшил боғ ва яшил жамоат парклари яратиш, 2030 йилга қадар ҳар бир туман ва шаҳарда камида 5 тадан умумий узунлиги 10 кмдан кам бўлмаган сояли сайр кўчалари яратиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб республикада тозалик ва ободонлик долзарб икки ойлиги ўтказилади. Бунда 1 октябрдан яшил ҳудудлар жойлашуви аниқланади, ерлар тайёрланади, кўчат ва буталар захираси яратилади. 2026 йил 1 ноябрдан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмда, 2026 йил 5 ноябрдан Бухоро ва Навоий вилоятларида, 2026 йил 10 ноябрдан Андижон, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида, 2026 йил 20 ноябрдан эса Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида кўчат ва буталар экиш мавсуми бошланади.
Қолаверса, Фармонга кўра, 2027 йил 1 январдан «Яшил маҳалла» лойиҳаси доирасида «Маҳаллани яшиллаштириш» пакети жорий қилинади. Лойиҳа доирасида маҳаллаларга ўрмончи-мураббий ходим бириктирилади. «Маҳалла еттилиги» аъзолари ҳар экиш мавсуми олдидан ўқитилади. Фуқароларга экиш, суғориш, мулчалаш, компост тайёрлаш, дарахтни парваришлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш борасида маълумот беради.
Шу билан бирга, 2026 йил куз мавсумида бошлаб ер майдони чекланган маҳаллаларда, кўп квартирали уйлар оралиғида, мактаб ва боғчалар ҳовлиларида маҳалла микроўрмонлари ташкил этилади. Бунда 200–1000 метр квадрат майдонда ҳар бир метр квадратга камида 2 та дарахт ва бута кўчатини зич экиш усули (қатламлаб) қўлланади.
Ер ажратиш имконияти бўлмаган ёки бетон ва асфальт қопламали ҳудудларда жамоатчилик кичик боғлари ташкил этилади. Шу билан бирга, ботаника ва дендрология боғлари, ўрмон хўжаликлари, йирик яшил ҳудудлар ва ободонлаштириш бошқармалари ҳудудларида компостлаш ва мулчалаш тизими йўлга қўйилади.
Бунда санитария ва гидрогеологик шароити мос жойларда узунлиги 12 метр, эни 4 метр ва чуқурлиги камида 1 метр бўлган хандақлардан фойдаланилади. Намлик ҳар 15 кунда текширилиб, 70 фоиз атрофида сақланади. Тайёр компост ва мулча биринчи навбатда тегишли ҳудуднинг очиқ тупроқ майдонларини қоплаш ва парваришлашга йўналтирилади.
Бундан ташқари, аҳолининг яшил боғларни яратиш бўйича талаб ва таклифларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2027 йил 1 январдан «Яшил лот» тизими жорий қилинади.
Бунда мавжуд ер участкалари жисмоний ва юридик шахсларга яшил боғ барпо этиш учун берилади. Бунда ажратилган ҳудуд мулк сифатида ўтказилмайди, қурилиш қилиш ва бошқа фаолият турлари тақиқланади.
Қолаверса, 2028 йил 1 сентябрга қадар иқлим шароитидан келиб чиқиб, республиканинг ҳар бир ҳудудининг иқлимий-географик зоналарига мос дарахт ва бута кўчатларини етиштиришга ихтисослашган 1 тадан «in-vitro» лабораториялари ташкил этилади.
Лабораторияларда сувсизлик, шўрланиш, юқори ҳарорат, касалликларга чидамли ва қум-чанг кўчишининг олдини олишга хизмат қилувчи дарахт ва бута турлари кўпайтирилади. Барча ҳудудларда замонавий кўчатхона ва кўчат савдоси бўйича ташриф марказлари ташкил этилади.
Фармонга кўра, тажриба тариқасида «Яшил AI» ассистенти модели ишга туширилади.
Модель ер бонитет бали, тупроқ тури, сув таъминоти, иқлим, сунъий йўлдош ва дала кузатувлари асосида кўкаламзорлаштириш, ўрмонлаштириш ҳамда яшил қопламалар учун мақбул майдонларни аниқлашга, ҳар бир ҳудудга мос дарахт ва бута турлари, кўчат сони, экиш схемаси ва муддати, суғориш ва парваришлаш бўйича тавсияларни шакллантиришга, сув танқислиги, кўчат қуриши, касаллик ва бошқа хавфларни харитада кўрсатиш, масъулларни огоҳлантириш ва таҳлилий ҳисобот тайёрлашга ҳамда маълумотларни ягона харитада янгилаб бориш, тезкор мониторинг, прогноз, жамоатчилик мурожаатлари ва натижаларни очиқ кузатишга хизмат қилади.
2026 йил 31 декабрга қадар маҳаллаларга кириш жойида яшил ҳудудларни барпо этиш афзалликлари, ҳудуднинг экологик кўрсаткичларини кўрсатиб турувчи баннерлар ва электрон таблолар ўрнатилади.
Фармонга кўра, Арнасой, Нукус, Қоракўл, Кармана, Муборак, Қизириқ ва Янгиариқ туманларида галофит ўсимликларини етиштириш бўйича илмий-тажриба участкаси ташкил этилади. Ҳар бир участкада тупроқ шўрланиши ва сув таъминотига мос турларни синаш, уруғ ҳамда кўчат етиштириш ва амалий тавсиялар тайёрланади.
