Чўлланишга қарши курашиш бўйича Хитой тажрибаси ўрганилди
2026-09-11 17:00:00 / Янгиликлар

Унда Хитой давлат ўрмон ва яйлов хўжалиги бошқармаси мутахассислари, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги масъуллари ҳамда Марказий Осиё давлатлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ниншя Хуй автоном районида чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш, ўрмон ва яйловларни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда қум кўчишининг олдини олиш соҳаларида амалга оширилган илғор тажрибалар ўрганилди.
Семинар давомида хитойлик мутахассислар томонидан қумли ва қурғоқчил ҳудудларда яшил қопламалар барпо этиш, сувдан тежаб фойдаланиш, ўрмонларни муҳофаза қилиш ҳамда тупроқ эрозиясининг олдини олиш бўйича амалий ёндашувлар тақдим этилди.
Бир ҳафталик тадбир доирасида Ниншя виночилик ва чўлланишга қарши курашиш касб-ҳунар коллежида малака ошириш курсининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда мазкур коллежнинг таълим дастури, ўқув ва амалий фаолияти ҳамда мутахассислар тайёрлаш йўналишлари ўрганилди.
Шунингдек, Хитойнинг Инчуань шаҳрида ташкил этилган “Волсон” сув тежовчи суғориш компанияси фаолияти билан танишилди. Унда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, томчилатиб ва аниқ меъёрда суғориш, сувни тақсимлаш, бошқариш ҳамда сарфини камайтиришга қаратилган технологиялар амалиёти кўриб чиқилди.
Чўлланишга қарши курашиш, қум бўронларининг олдини олиш, яйловларни қайта тиклаш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш бўйича маърузалар ҳам тингланди. Галофит ўсимликлари ёрдамида қумли ерлардан самарали фойдаланиш, қурғоқчил ҳудудларда дарахт ва бута ўсимликларини илмий асосда экиш каби масалаларга эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу семинар-тренинг тадбирлари минтақада экотизимларни қайта тиклаш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш ҳамда атмосфера ҳавосининг мусаффолигини таъминлашга хизмат қилади.







