Шавкат Мирзиёев: “Иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатарлар бўйича ягона кун тартибини шакллантириш лозим”
2026-09-03 12:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикасига расмий ташрифи доирасида Бишкекда ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши ҳамда “БМТ адолатли дунё тартиботининг асосий бўғини сифатида: “ШҲТ плюс” давлатларининг кўп қутбли дунёни шакллантиришга қўшаётган ҳиссаси” мавзусидаги “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари бу тадбирларда нутқ сўзлаб, бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Президент экологик масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, Шавкат Мирзиёев иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатарлар мамлакатларнинг озиқ-овқат, сув ва энергетик хавфсизлигига тобора кўпроқ таъсир кўрсатаётганлигини, бу эса ШҲТ доирасида ушбу масалалар бўйича ягона кун тартибини шакллантириш заруратини тақозо этаётганлигини таъкидлади.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбари БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда минтақавий ташкилотлар салоҳиятидан янада фаол фойдаланиш лозимлигини қайд этиб, табиатдан фойдаланиш, “яшил” энергетика, рақамли хизматлар ва соғлиқни сақлаш соҳаларида минтақалараро лойиҳалар ва технологияларнинг Очиқ банкини шакллантиришни таклиф қилди.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқда мулоқотни қайта тиклаш ва кескинликни юмшатиш, ўзаро боғлиқ ва барқарор маконни шакллантирадиган “ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони” концептуал қарашини ишлаб чиқиш, махсус иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш жараёнлари, сотув бозорлари ва логистикани бирлаштирадиган ШҲТ Саноат кооперацияси харитасини ишлаб чиқиш, сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича Бутунжаҳон ташкилотини ташкил этиш, келгуси йили Тошкент шаҳрида ШҲТнинг сунъий интеллект ва янги рақамли ечимлар бўйича форумини ўтказиш, ШҲТга аъзо давлатларнинг темир йўл маконлари интеграцияси бўйича кенгаш таъсис этиш, Хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилиш учун ШҲТнинг Афғонистон билан мунтазам мулоқотини қайта тиклаш каби таклифлар билдирилди.
Қолаверса, Ўзбекистон Евроосиё маконида очиқ ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканлиги қайд этилиб, “ШҲТ плюс” маданиятлар ва цивилизациялар доимий форумини таъсис этиш ва ушбу тадбирни БМТнинг манфаатдор тузилмалари билан биргаликда Хива шаҳрида ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон бундан буён ҳам умумий фаровонликни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама шерикликни ривожлантиришга салмоқли амалий ҳисса қўшишга тайёр.
