Ўрмон хўжалиги соҳасида муҳим келишувларга эришилди
2026-08-28 10:40:00 / Янгиликлар

Жумладан, UNCCD COP17 доирасида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги томонидан Швециянинг нуфузли BCC компанияси билан ўрмонларни қайта тиклаш модели бўйича тажриба алмашиш, ушбу моделни ўрганиш ва жорий этиш бўйича келишувга эришилди. Швециялик ҳамкорлар ўзбекистонлик ўрмон хўжалиги мутахассислари ва лойиҳачиларини тажриба ошириш мақсадида ўз мамлакатларига таклиф этишди.
Агентлик томонидан БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда мамлакатимизда ўрмон хўжаликлари яқинидаги маҳаллаларда иссиқхоналар барпо этиш ҳамда аҳоли хонадонларида кўчат етиштириш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Шу билан бирга, олис маҳаллаларда ёмғир ва ер ости сувларини йиғиш ва сақлаш учун маҳаллий ерости иншоотларини қуриш лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Монголияда корейс компаниялари грантлари ҳисобидан 3 минг гектар майдонга игнабаргли дарахтлар экиш лойиҳасини амалга оширган Кореянинг Peace Forest Work компанияси билан ҳам музокаралар ўтказилди. Мулоқотлар давомида худди шундай лойиҳани биргаликда ишлаб чиқишга келишилди.




