Экологик барқарорликни таъминлаш мақсадларини қамраб олган ўзаро англашув меморандуми имзоланди
2026-08-27 09:10:00 / Янгиликлар

Музокаралар давомида 2026 йилнинг 5 июнидан 13 августига қадар 6 та мамлакат ҳудудида, жумладан, Ўзбекистон ҳудудидаги Орол денгизининг қуриган туби, Мўйноқ, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида ўтказилган “Чўл овози” (“Voice of the Desert”) халқаро экспедицияси натижалари юқори баҳоланди.
Учрашув давомида томонлар иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини юмшатиш, чўлланишга қарши самарали курашиш, қум ва чанг бўронларининг олдини олиш, бу борада Ўзбекистон томонидан “COP17” доирасида илгари сурилган “Глобал саксовул белбоғи” ташаббусини биргаликда қўллаб-қувватлаш ва модернизация қилишга келишиб олдилар.
Якунда томонлар Ўзбекистоннинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва Монголиянинг “Billion Trees” миллий ҳаракати доирасида ўрмонлар барпо этиш, шаҳарларни кўкаламзорлаштириш, қурғоқчил, ярим қурғоқчил ва шўрланган ҳудудларда ерларни қайта тиклаш, чўлланишнинг олдини олиш, қум ва чанг бўронлари оқибатларини юмшатиш каби долзарб мақсадларни қамраб оладиган қўшма илмий-амалий ташаббусларни ишлаб чиқиш ҳамда ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолашди.

