Ўрмон хўжалиги соҳаси фахрийси йод этилди
2026-08-19 16:25:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов, Экология қўмитаси ва агентлик мутасаддилари, халқаро экспертлар, тизим ташкилотлари масъуллари, соҳа олимлари, унинг оила аъзолари ва қариндошлари, меҳнат фахрийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов кириш сўзи билан очиб, марҳум Хожимурод Талиповнинг кўп йиллик самарали фаолияти, соҳани ривожлантириш, чўлланиш ва ерлар деградациясига қарши курашиш, мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда соҳага инновацион ёндашувларни жорий этиш бўйича олиб борган меҳнатларини алоҳида эътироф этди.
“Марҳум Хожимурод Миразимович республиканинг ўрмон билан қопланганлик даражасини ошириш, ўрмон ерларидан оқилона фойдаланиш ва биохилма-хилликни сақлаш тадбирларига муносиб ҳисса қўшган, соҳанинг бугунги кундаги етук кадрларига устозлик қилган меҳрибон устоз эдилар, – деди Э.Муҳиддинов. – Унинг эзгу амаллари бугунги ёшлар учун чинакам ибрат намунасидир.”
Шундан сўнг ўрмон хўжалиги соҳаси билимдони Х.Талипов хотирасига бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Тадбирда сўз олганлар чинакам фидойи инсон Хожимурод Талиповнинг чин инсоний фазилатлари, республикада яшиллик даражасини ошириш, янги ўрмонлар барпо этиш ва экологик барқарорликни таъминлаш бўйича қилган хайрли ишларини йодга олдилар.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова ижро этган чин инсоний фазилатларни тараннум этувчи қўшиқлар барчага манзур бўлди.
Маълумот ўрнида, Х.Талипов БМТ Тараққиёт дастури, Глобал экологик жамғарма, Биологик хилма-хиллик конвенцияси ва Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси доирасидаги халқаро лойиҳаларда фаол иштирок этган. Жумладан, у Bioversity International – УНЕП-ГЕФнинг “Марказий Осиё шароитида агробиохилма-хилликни сақлаш ва ундан фойдаланиш” лойиҳасининг Ўзбекистон компоненти бўйича миллий координатори бўлган. Шунингдек, Орол денгизи ҳавзаси ландшафтларини тиклаш, қурғоқчил ерлардан барқарор фойдаланиш, тоғ ҳудудларида ўрмон ва табиий ресурсларни барқарор бошқариш ҳамда “Яшил макон” ташаббусини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларда бевосита иштирок этган.
Ушбу лойиҳалар доирасида ўрмон ерларидан оқилона фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган 15 та илмий-амалий тавсия амалиётга жорий этилган.
Олим томонидан 100 дан ортиқ илмий мақола, амалий қўлланма ва тавсиялар тайёрланган. У “Ўзбекистоннинг тоғ ва тоғ олди ҳудудларида ўрмонзорлар барпо этиш асослари” номли илмий-амалий китоб муаллифи бўлиб, 2022 йилда нашр этилган мазкур китобдан бугунги кунда ҳам ўрмонзорлар барпо этиш ишларида фойдаланиб келинмоқда.







