Ўзбекистонда замонавий интенсив усулда кўчат етиштириш тадбирлари янада кенгайтирилади
2026-08-12 14:55:00 / Янгиликлар

Тадбирда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раис ўринбосари Жусипбек Казбеков, Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов, агентлик масъуллари, тизим ташкилотлари ва ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб семинар иштирокчилари Балиқчи ўрмон бўлими ҳудудида жорий йил май ойида фойдаланишга топширилган янги замонавий кўчатхона фаолияти билан яқиндан танишишди.
Маълумот ўрнида, Жанубий Кореянинг замонавий илғор технологиялари билан жиҳозланган ушбу кўчатхонанинг умумий ер майдони 5 ярим гектардан иборат. Бугун бу ерда қарийб 40 хил турдаги дарахт ва бута кўчатлари ҳамда доривор ўсимликлар интенсив усулда парвариш қилинмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, кўчат етиштиришда ушбу замонавий усулларнинг бир қанча ўзига хос афзалликлари мавжуд.
Биринчидан, кўчатлар ерда эмас, уруғидан махсус кичик идишларда иссиқхона шароитида замонавий технологиялар тизими ёрдамида парвариш қилиниши сабабли тез муддатларда ўсиб тайёр бўлади. Натижада вақт, энергия ва харажатлар тежалишига эришилади.
Иккинчидан, бу илғор тизим кўмагида хориждан келтирилган ўсимликлар уруғларининг мамлакатимиз иқлим шароитига мослашувчанлиги таъминланади. Натижада бундай муҳитда етиштириладиган кўчатларнинг кўкарувчанлик даражаси ҳам сезиларли ортади.
Семинарни Экология қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов кириш сўзи билан очиб, сўнгги йилларда Давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси билан мамлакатимизда яшиллик даражасини ошириш, янги ўрмонлар барпо этиш орқали экология ва атроф-муҳитни тизимли муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.
"Замонавий кўчатхона деганда биз энди оддий кўчат етиштириладиган майдонни эмас, балки селекция, уруғчилик, илмий ёндашув, автоматлаштирилган суғориш, контейнер технологияси, фитосанитар назорат, микроклиматни бошқариш ва юқори самарадор ишлаб чиқариш жараёнлари бирлашган замонавий агротехнологик мажмуани тушунамиз, - деди Э.Муҳиддинов. - Бугун Андижонда ташкил этилган мазкур замонавий кўчатхона ана шундай ёндашувнинг амалий натижасидир.
Бу ерда қурилган ҳар бир инфратузилма объекти, жорий этилган ҳар бир технология ва йўлга қўйилган ҳар бир агротехник жараён битта мақсадга — юқори сифатли, стандарт талабларга жавоб берадиган ҳамда юқори яшовчанлик хусусиятига эга кўчатларни етиштиришга хизмат қилади."
Тадбирда сўз олган Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раис ўринбосари Жусипбек Казбеков мамлакатимизда кейинги йилларда экологик хавфсизликни таъминлаш, иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини юмшатиш, чўлланишга қарши курашиш, биологик хилма- асраш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлигини алоҳида эътироф этди.
"Бугунги асосий мақсад ва вазифамиз эса Андижон ва бошқа илғор ўрмон хўжаликларида амалга оширилаётган хайрли тадбирларни бошқа барча ҳудудларда кенг жорий этиш, соҳани “Илм – лойиҳа – амалиёт” занжири асосида тизимли ривожлантиришдан иборат деди, - Ж.Казбеков. - Муҳими, бундай кўчатхоналар мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини сифатли кўчатлар билан таъминлаш, ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш, шаҳар ва қишлоқларда яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини юмшатишда муҳим аҳамият касб этади."
Семинарда иштирокчилар қизиқтирган саволларига масъуллар ва экспертлардан батафсил жавоблар олишди.
Тадбир давомида бир гуруҳ андижонлик ўрмон хўжалиги ишчи-ходимларига ташкилотчиларнинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Якунда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.









