«Менинг боғим»: Ўзбекистон бўйлаб янги яшил жамоат масканлари барпо этилмоқда
2026-08-06 13:00:00 / Янгиликлар

Лойиҳанинг энг муҳим жиҳатларидан бири фуқароларнинг фаол иштирокидир. Янги яшил ҳудудларни барпо этиш бўйича ғоялар бевосита аҳоли томонидан илгари сурилади ва «Очиқ бюджет» порталида жамоатчилик овозига қўйилади. Энг кўп овоз тўплаган ташаббуслар молиялаштирилади, лойиҳаларни амалга ошириш ишлари эса Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда масъул ташкилотлар томонидан бажарилади.
Уч йил давомида эришилган салмоқли натижалар
2024 йилда «Очиқ бюджет» порталига 789 та жамоатчилик ташаббуси киритилди. Улардан 212 та лойиҳа аҳолининг энг катта қўллаб-қувватлашига сазовор бўлди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун 140,1 гектар ер майдони ажратилиб, 128 та яшил боғ ва 84 та яшил жамоат боғи барпо этилди.
2025 йилда фуқаролар томонидан 570 та лойиҳа тақдим этилди. Овоз бериш якунларига кўра, 174 та ташаббус ғолиб деб топилди. Ер участкалари ўрганилгач, 18 та лойиҳа белгиланган талабларга жавоб бермагани сабабли амалга оширилмади. Натижада 104,9 гектар майдонда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида 89 та яшил боғ ва 67 та яшил жамоат боғи барпо этилди.
2026 йилда ҳам ишлар изчил давом эттирилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан яшил боғлар ва жамоат боғларини ташкил этиш бўйича 610 та лойиҳа таклиф қилинди. Овоз бериш жараёнида фуқаролар 152,2 мингта овоз берди, шундан 97,4 мингтаси ғолиб бўлган лойиҳаларга тўғри келди. Якуний саралаш натижасида республиканинг ҳар бир туман ва шаҳридан камида биттадан бўлган жами 208 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Уларни амалга ошириш учун 52 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Яшил ҳудудлар янги жамоат марказларига айланмоқда
Бугунги кунда «Менинг боғим» лойиҳаси Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида муваффақиятли амалга оширилмоқда. Замонавий ободонлаштириш ва экологик барқарорлик талабларига жавоб берадиган янги жамоат масканлари барпо этилмоқда.
Сурхондарё вилояти Ангор туманининг «Қоракир» массивида минтақадаги энг йирик яшил ҳудудлардан бири ташкил этилмоқда. 108 гектар майдонда 270 минг туп манзарали дарахт экилмоқда. Лойиҳа экологик вазиятни яхшилаш, чўлланишнинг олдини олиш ҳамда қурғоқчил ҳудудда янги яшил ландшафт яратишга хизмат қилади.
Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида «Арда Хива» мажмуаси ҳудудида 9 гектар майдонда замонавий яшил боғ барпо этилмоқда. Бу ерда 4 мингдан ортиқ манзарали дарахт экилган бўлиб, янги боғ тарихий шаҳарнинг энг йирик рекреация ҳудудларидан бирига айланади.
Самарқанд вилояти Булунғур туманининг «Олмазор» маҳалласида 2 гектар майдонда «Яшил боғ» ташкил этилди. Бу ерга маҳаллий иқлим шароитига мослашган 1200 дан ортиқ манзарали дарахт экилди. Ҳозирда ёритиш тизимлари, ўриндиқлар ва бошқа ободонлаштириш элементларини ўрнатиш ишлари якунланмоқда.
Самарқанд вилояти Оқдарё туманида эса «Яшил жамоат боғи» фойдаланишга топширилди. Унда айвонлар барпо этилган, ҳудуд тўлиқ кўкаламзорлаштирилган ҳамда аҳоли дам олиши учун қулай шароитлар яратилмоқда.
Жиззах вилоятида бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шароф Рашидов туманининг «Янгиобод» маҳалласида 10 гектар майдонда яшил жамоат боғи барпо этилмоқда. Бу ерда 2500 туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда буталар экилган.
Жиззах шаҳрининг ўзида 13,6 гектар майдонда янги яшил жамоат боғи қурилмоқда. Ҳудудда Қрим ва Элдор қарағайи, эман, шумтол, заранг, каштан, қайин, қайрағоч, каталпа ва бошқа турдаги 4800 дан ортиқ дарахт ва буталар экилган. Қурилиш якунлангач, мазкур боғ вилоятдаги энг йирик яшил жамоат масканларидан бирига айланади.
Шароф Рашидов туманининг «Янги Ўзбекистон» массивида яна бир йирик лойиҳа амалга оширилди. 28 гектар майдонда террасалаш усули асосида яшил жамоат боғи ва ҳимоя яшил белбоғи барпо этилди. Бу ерга 11 270 туп мевали ва манзарали дарахт экилган бўлиб, уларни парваришлаш учун замонавий томчилатиб суғориш тизими жорий этилган.
Навоий вилоятининг Конимех туманида янги жамоат боғлари барпо этиш ва мавжуд яшил ҳудудларни ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Бу ерда манзарали ва мевали дарахтлар экилиб, дам олиш масканлари яратилмоқда, ёш ниҳоллар ҳолати экология мутахассислари томонидан мунтазам назорат қилинмоқда.
Мамлакат яшил фондини кенгайтиришга бошқа ташаббуслар ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Жумладан, Жиззах вилоятида «Солиқчилар боғи» ташкил этилиб, 10 мингга яқин манзарали ва мевали дарахт экилди. Шунингдек, ЮНЕСКОнинг 80 йиллигига бағишланган «80 минг дарахт» акцияси доирасида фақат Шароф Рашидов туманининг ўзида 6500 туп турли дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Фарғона вилоятида ҳам яшил инфратузилмани ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Қува туманидаги Каркидон сув омбори атрофида 100 мингдан ортиқ манзарали дарахтлардан иборат яшил белбоғ барпо этилди. Бундан ташқари, сув омборига олиб борувчи йўл бўйлаб 7,1 километр узунликдаги ҳимоя яшил полосаси яратилди.
Кўкаламзорлаштиришда профессионал ёндашув
Яшил ҳудудларни барпо этиш фақат дарахт экиш билан чекланмайди. Уларнинг кейинги парвариши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ёз мавсумида мунтазам суғориш, агротехник парвариш ҳамда ёш ниҳолларни сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шаҳарларни замонавий кўкаламзорлаштириш бўйича ёндашувларни ривожлантиришга Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда «Замин» халқаро жамоат фондининг ҳамкорлиги қўшимча туртки бермоқда. 2022 йилдан буён амалга оширилаётган «Яшил замин» лойиҳаси доирасида шаҳар яшил ҳудудларини ривожлантириш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда аҳолини экологик ташаббусларга кенг жалб этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йил баҳор мавсумида Тошкент шаҳри, Оҳангарон ва Янгиҳаёт туманларида минглаб дарахт ва буталар экилди. Хусусан, Янгиҳаёт туманида мактаб ўқувчилари, маҳалла аҳолиси ва экофаоллар иштирокида 2 гектар майдонга 2 мингдан ортиқ чинор, эман, шумтол, ҳинд сирени ва Сурия атиргули экилди. Лойиҳа бошланганидан буён бу ҳудудда 25,6 гектар майдонда жами 18 790 туп дарахт ва бута ўтқазилган.
Кўкаламзорлаштиришнинг навбатдаги босқичи Чилонзор ва Яккасарой туманларидаги Бўрижар канали бўйида қурилаётган сайилгоҳ ҳамда Оҳангарон шаҳрида амалга оширилди. Баҳорги мавсум якунланида 4,5 гектар майдон кўкаламзорлаштирилиб, 5 мингдан ортиқ дарахт ва бута экилди. Натижада лойиҳа доирасида экилган дарахт ва буталар сони 24 129 тага, умумий майдон эса 30,1 гектарга етди.
2026 йилда «Замин» халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда еттита экологик лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар қаторида Хива шаҳрида 9,26 гектар майдонда Ёшлар эко боғини ташкил этиш лойиҳаси мавжуд бўлиб, бу ерга 3082 туп дарахт ва 2 мингдан ортиқ манзарали буталар экилган. Шунингдек, Ангрен шаҳридаги 22,6 гектарлик йирик боғ реконструкция қилиниб, унда сайр йўлаклари, замонавий ёритиш тизимлари, дам олиш ва пикник зоналари, сунъий сув ҳавзаси ҳамда автоматик суғориш тизими барпо этилмоқда.
Яшил келажак бугундан яратилмоқда
«Менинг боғим» лойиҳаси бугунги кунда мамлакатдаги энг йирик жамоатчилик экологик ташаббусларидан бирига айланди. У нафақат яшил ҳудудлар майдонини кенгайтиришга, балки давлат ва жамиятни ягона мақсад йўлида бирлаштириб, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабат маданиятини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Фуқаролар ташаббуси билан яратилаётган яшил боғлар ва жамоат боғлари оилавий дам олиш, спорт билан шуғулланиш ҳамда ёшларни экологик руҳда тарбиялаш учун янги масканларга айланмоқда. Уларнинг ривожланиши экологик вазиятни яхшилаш, шаҳарларнинг иқлим ўзгаришига бардошлилигини ошириш ҳамда бугунги ва келажак авлодлар учун қулай яшаш муҳитини яратишга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
