Дарахт нафас олиши нега муҳим?
2026-08-03 12:20:00 / Янгиликлар

Биринчидан, илдизларга кислород етмайди. Бетонлаш натижасида илдизлар бўғилади, майда илдизлар қурийди ва дарахт ўсиши секинлашади.
Иккинчидан, ёмғир суви тупроққа сингмайди. Натижада илдизлар табиий намликдан маҳрум бўлади, қўшимча суғоришга эҳтиёж ортади ва дарахтларда қурғоқчиликка чидамлилик пасаяди.
Учинчидан, дарахтни бетонлаш тупроқни зичлаштиради. Оқибатда микроорганизмлар фаолияти ва гумус ҳосил бўлиши секинлашади ҳамда янги илдизлар ўсиши чекланади.
Тўртинчидан, ҳарорат кескин ошади. Ёзда бетон юзаси 50–70°C гача қизиши мумкин. Бу эса илдизларни қиздириб юборади, тупроқ тез қурийди ва дарахт иссиқлик стрессини бошдан кечиради.
Бешинчидан, илдизларнинг табиий ривожланиши тўхтайди. Бетонлаш натижасида дарахтнинг барқарорлиги пасаяди ва кучли шамолда ағдарилиш эҳтимоли ошади.
Олтинчидан, касалланиш хавфи ортади. Бетонлаш натижасида заифлашган дарахт замбуруғ касалликларига, зараркунандаларга,
қуришга моил бўлади.
Диққат! Дарахтларга шикаст етказиш МЖтКнинг 79-моддасига кўра, фуқароларга БҲМнинг 25-50 баравари, мансабдор шахсларга эса 50-75 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Экология миллий қўмитаси юртдошларимизни табиатга нисбатан масъулиятли муносабатда бўлишга, дарахтлар остини бетонламасликка ва умуман шикаст етказмасликка чақиради.
