Экологик ҳимоя тўсиғини барпо этиш бўйича Хитой тажрибаси тақдим этилди
2026-07-22 15:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов, Ички Мўғулистон автоном райони Партия қўмитаси котиби ўринбосари Ши Гуанҳуэй, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда чўлланишнинг олдини олиш орқали экологик барқарорликни таъминлаш, ҳудудларда яшиллик даражасини ошириш ҳамда янги ўрмонлар барпо этиш ва қайта тиклаш борасидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Хитойнинг Ички Мўғулистон ҳудудида чўлланишга қарши курашиш борасида эришилган натижаларни акс эттирувчи кўргазмалар ташкил этилди. Унда ҳудудларда чўлланишнинг олдини олиш, деградация учраган ерларни қайта тиклаш, шўрланган ерларни мелиорация қилиш, экологик тикланиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш каби йўналишларда Хитой тажрибаси намойиш этилди.
Тадбир доирасида Хитойлик меҳмонлар томонидан “Яшил Ипак йўли: қумли чўлларнинг қайта тикланиши” номли ҳужжатли фильм тақдим этилди. Фильмда Ички Мўғулистонда амалга оширилаётган кенг кўламли экологик барқарорликни таъминлаш ишлари ва “Уч Шимол” давлат лойиҳаси ислоҳотлари акс эттирилди. Намойиш этилган фильм ва кўргазмалар тадбир иштирокчиларда катта қизиқиш ва таассурот уйғотди.
Кўргазмали тақдимот давомида томонлар ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш чоғида сув тежовчи қишлоқ хўжалиги технологияларидан фойдаланиш, илмий тадқиқотлар ва инновацион ғояларни жорий этиш ҳамда соҳа мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш бўйича фикр алмашдилар.
Кўргазма якунида ҳамкорликда амалга ошириладиган истиқболли мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.
Маълумот учун, Хитойнинг Инчуан шаҳрида “Чўлланишга қарши кураш йўналишида Хитой – Марказий Осиё ҳамкорлиги” халқаро конференцияси доирасида Ўрмон агентлиги делегацияси хитойлик ҳамкорлар билан чўлланишга қарши курашиш бўйича 2 та муҳим келишув битимларини имзолаган эди.









