Ўрмон хўжалиги соҳасига оид қонун лойиҳаси кўриб чиқилди
2026-07-14 19:50:00 / Янгиликлар

Йиғилишда сўз олган Экология ва иқлим ўзгаришлари миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов сўнгги йилларда мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, биологик хилма-хилликни сақлаш, ўрмонларни муҳофаза қилиш ва кўпайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини юмшатиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини алоҳида эътироф этди.
"Мазкур қонун лойиҳаси билан Ер кодексига икки муҳим ўзгартириш киритилмоқда. Биринчидан, Ер кодексининг 9-моддаси олтинчи қисмига тегишли аниқлаштириш киритилиб, ерларни тоифаларга ва бир тоифадан бошқасига ўтказишда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар билан бир қаторда ўрмон фонди ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимларининг ваколатидан чиқарилмоқда, – деди Э.Муҳиддинов. – Иккинчидан, Кодекснинг 76-моддаси янги норма билан тўлдирилиб, унга мувофиқ, ўрмон фонди ерлари алоҳида муҳофаза этилади ва уларни бошқа ер тоифасига ўтказиш фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши асосида амалга оширилади. Ушбу норма ўрмон фонди ерларининг ҳуқуқий муҳофазасини сезиларли даражада кучайтиради. Шунингдек, бундай муҳим қарорларни қабул қилишда ягона давлат ёндашувини таъминлайди ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида аниқлик ва барқарорликни оширади."
Мазкур қонун лойиҳаси соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган.
Амалда ўрмон фонди ерларини ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ амалга оширилар эди.
Эндиликда ўрмон фонди ерларини ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш тартиби қонун билан кафолатланиб мустаҳкамланмоқда. Қонун лойиҳасида ўрмон фонди ерларининг алоҳида муҳофаза этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўрмон фонди ерларини ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинадиган ҳужжат асосида амалга оширилиши белгиланмоқда. Шунингдек, ўрмон фонди ерларининг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ўрмон фонди ерларининг табиий сақланишини таъминлаш, улардан мақсадли ва оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш, экологик барқарорлик ва биологик хилма-хилликни сақлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиш, ўрмон фонди ерларини муҳофаза қилиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.



