Ўрмон фонди ерлари муҳофазаси янада кучайтирилади
2026-07-14 17:40:00 / Янгиликлар

Йиғилишда ўрмон фонди ерлари муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидландики, мазкур қонун лойиҳаси соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган. Қонун лойиҳасида ўрмон фонди ерларининг алоҳида муҳофаза этилишини таъминлаш мақсадида “Ер кодекси”га ўрмон фонди ерларини ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинадиган ҳужжат асосида амалга оширилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, ўрмон фонди ерларининг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Фракция аъзолари мазкур ўзгартишлар ўрмон фондлари ерларининг муҳофазасини кучайтириш, биологик хилма-хилликни сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлашда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидладилар. Савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан маъқулланди.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.



