Чўлланишга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик битимлари имзоланди
2026-06-17 19:30:00 / Янгиликлар

Биринчи ҳамкорлик битими Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов ва Хитойнинг Нингхуа ўрмон хўжалиги ва яйловлар бошқармаси бошлиғи Ву Сяруй хоним ўртасида имзоланди.
Ушбу битимга асосан, иҳота ўрмонлари барпо этиш орқали минтақанинг яшиллик даражасини ошириш, замонавий кўчатхоналар ва оналик плантациялари барпо этиш, барқарор ўрмон хўжалиги ва яшил саноатни ривожлантириш бўйича ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш мақсад қилинган.
Шунингдек, келгусида ҳамкорликда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш, тупроқ шўрланишининг олдини олиш ва экотизимларни босқичма-босқич мустаҳкамлаш бўйича ишлар амалга оширилади.
Тадбирда томонлар ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш ишларини тизимли ташкил этиш, жараёнларга соҳа мутахассисларини жалб қилиш ҳамда молиялаштириш имкониятларидан унумли фойдаланиш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар.
Шундан сўнг, Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов ва Хитойнинг “Йинчуан Wolsenn Modern Irrigation Cо., L” компанияси директорлар кенгаши раиси Чен Лин томонидан яна бир муҳим ҳамкорлик битими имзоланди.Унга кўра, хитойлик ҳамкорлар мамлакатимизга сувни тежовчи суғориш технологиялари (фертигатсия намойиш тизими) етказиб бериш ва маҳаллий мутахассислар учун ушбу технологиялар бўйича мунтазам ўқув хизматлари ташкил этишни ўз зиммасига олди.
Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 110 минг юанни ташкил этади.Аҳамиятлиси, ҳамкорликда ушбу замонавий хитой технологияларининг жорий этилиши мамлакатимизда янги ўрмонлар барпо этиш ва чўлланишга қарши курашиш тадбирларининг самарадорлигини сезиларли оширади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, фертигатсия — суғориш суви ва ўсимлик учун зарур бўлган минерал ўғитларни бир вақтда, ягона тизим орқали ўсимлик илдизига етказиб бериш жараёнидир. Бу замонавий агротехнология бўлиб, одатда томчилатиб суғориш тизимлари билан биргаликда қўлланилади. Натижада озуқа моддалари тўғридан-тўғри ўсимлик илдизига етиб боради.
Ўғит сарфи 20-50 фоизгача тежалади. Ўғитлаш ва суғориш битта технологик жараён орқали автоматик амалга оширилади. Меҳнат енгиллашади.
Маълумот ўрнида, ўтган 2025 йил мобайнида Ўрмон агентлиги томонидан Хитой билан ҳамкорлик доирасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилди.Хусусан республикамизнинг 5 та ҳудуди – Арнасой, Кармана, Муборак, Қоракўл ва Нукус туманларида галофит ўсимликлари боғлари ташкил этилди.
Ўзбекистонга Хитойдан галофит ўсимликларнинг 1,4 минг тонна уруғи олиб келинди. Ҳозирда мазкур уруғлардан галофит кўчатларини етиштириш ишлари бошлаб юборилган.
Шунингдек жорий йилдан бошлаб Ўрмон агентлиги ва Хитойнинг "Синоwай Forest" компанияси ҳамкорлигидаги “Зарарли углеродларни ютувчи оърмон хўжалигини ривожлантириш ва экотизимларни тиклаш” лойиҳаси доирасида Сурхондарё вилоятида 5 минг гектар пистазор барпо этилмоқда.


