Ўрмон ҳудудларида экологик таснифлаш натижалари ва замонавий ёндашувлар тақдим этилди
2026-06-09 17:15:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Самарқанд шаҳрида "Eco Expo Central Asia 2026" халқаро кўргазмаси доирасида “Ўрмон ҳудудларида ўтказилган экологик таснифлаш натижалари: ўрмон хўжаликларида инновациялар ва замонавий ёндашувларни жорий этиш бўйича амалий тавсиялар” мавзусида семинар ташкил этилди.

Тадбирни Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов кириш сўзи билан очиб, Давлат раҳбарининг бевосита эътибори билан кейинги йилларда соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
«– Ўтган 2025 йилда ўрмон хўжаликларининг моддий-техник базасини бойитиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Хўжаликларга мини-экскаваторлар, тракторлар, махсус сув ташувчи техникалар етказиб берилди, – деди Э. Муҳиддинов. – 2026 йилда бу ишларимизни янада изчил давом эттирамиз. Бундан асосий мақсад республика ҳудудларида яшил майдонларни янада кенгайтириш, янги ўрмонлар барпо этиш ва тиклаш ҳамда чўлланишга қарши курашиш тадбирларини самарали ташкил этишдан иборат.»
