Ёшларнинг стартап лойиҳалари ўрмон хўжалиги соҳасида кенг жорий этилади
2026-06-04 12:40:00 / Янгиликлар

Айтиш жоизки, Smart Forestry деб номланган биринчи стартап лойиҳаси бугун бутун дунёда иқлим ўзгаришлари оқибатлари хавфи ортиб бораётган бир пайтда ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, янги ўрмонзорлар барпо этиш ва ўрмон ёнғинларининг олдини олиш каби фойдали жиҳатлари билан алоҳида ажралиб туради. Бугун лойиҳа устида 10 нафардан зиёд салоҳиятли ёшлар гуруҳи меҳнат қилишмоқда.
Ушбу стартап гуруҳи раҳбари Акбарали Турдиевнинг айтишича, лойиҳа амалиётга жорий этилганидан сўнг автоматик равишда ўрмон ёнғинлари эрта аниқланади ва масъул тузилмалар хабардор қилинади. Мавжуд дарахт ва буталарнинг ҳолати кузатилади, кесилишининг олди олинади. Кўчатхоналарда сунъий интеллект ёрдамида ниҳолларнинг парвариш қилиниши, меъёрида суғорилиши тизимли ташкил этилади.
Иккинчи стартап лойиҳаси устида эса 4 нафар қорақалпоғистонлик изланувчан талаба-ёшлар иш олиб боришмоқда. Лойиҳа гуруҳи раҳбари Ҳурлиман Сейтниязованинг таъкидлашича, ёшлар бугун Турон гули дарахтининг Оролбўйи минтақаси иқлимига мос навларини кўпайтириш бўйича тадқиқотлар олиб боришяпти. Айнан чўл ҳудудларида тез ривожланиб ўсадиган ушбу дарахт ўртача 120–150 йилгача умр кўради. Улар сувсизликка чидамли бўлиб, баландлиги 15–20 метргача ўсади ва натижада чанг ҳамда қум бўронларининг олди олинади, асосийси, атмосфера ҳавосининг тозалиги таъминланади.
Аҳамиятлиси, ёш тадқиқотчилар Турон гули дарахтининг танланган навларини кенг ҳажмда кўпайтириб, яқин йилларда Нукус шаҳрининг “Яшил белбоғи”ни барпо этишни мақсад қилишган.




