Ёш авлоднинг экологик маданиятини оширишга қаратилган спектакль премьера қилинди
2026-05-26 10:50:00 / Янгиликлар

Тадбирда нутқ сўзлаган Экология қўмитаси раис маслаҳатчиси Алишер Саломов давлат раҳбари томонидан экологик маданиятни оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади. У "Она замин" спектакли ҳам ёш авлоднинг экологик онгини юксалтириш, эко-маданияти ва масъулиятини оширишга ҳисса қўшишини қайд этди.
“Она замин” — болаларга мўлжалланган экология мавзусидаги илк спектакль. Унинг бош ғояси – инсон ва табиат. Яъни одамзотнинг салбий фаолияти оқибатида табиат инқирозга юз тутишини ва, аксинча, ҳар бир қилаётган ишимизда асрашни ўйласак, эртага шу заминда ўзимиз соғлом яшашимиз, фарзандларимиз ўйнаб-қувнаб улғайиши мумкинлигини сингдиришдир", — деди А. Саломов.
Ёзувчи Мадина Мўминова асари асосида тайёрланган спектаклда инсоният ва табиат ўртасидаги муносабат таъсирчан ифодаланган. Унда томошабинлар Она замин номидан табиатга эҳтиёткор муносабатда бўлишга чақирилади.
"Ҳамма нарсанинг жавоби бор. Биз бугун сувни исроф қилсак, дарахтларни синдирсак, қушларга озор берсак, эртага бунинг жавоби оғир бўлади. Ёшларга бу тушунчани сингдириш, табиат неъматларидан тежамкорлик билан фойдаланишни сингдиришни мақсад қилганмиз. Агар спектаклни кўрган болажонларда табиатга меҳр уйғонса, исрофгарчиликка йўл қўймаса, мақсадимизга эришган бўламиз", — деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарида Умарова.
Спектакль рақс, монолог, қўшиқ ва турли саҳна эпизодлари орқали ёш томошабинларни асраш, унинг қадрига етиш ва экологик масъулият ҳақида чуқур мушоҳада юритишга чорлайди. Саҳна асарида замонавий, визуал ечимлардан кенг фойдаланилган. Шунингдек, махсус эффектлар орқали табиатнинг ифлосланган ва қайта тикланган ҳолати акс эттирилган.
Актёрлар замонавий хореография элементлари ёрдамида саноат ривожи, чиқиндихоналар, дарахтлар кесилиши, сувнинг ифлосланиши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси нобуд бўлишининг салбий оқибатларини саҳна ҳаракатлари орқали намоён этганлар.









