Ёввойи ўсимликларнинг техник ва доривор хомашёсини йиғиш тартиби белгиланди
2026-05-21 14:10:00 / Янгиликлар

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Қизил китобига киритилмаган ёввойи ўсимликларнинг техник ва доривор хомашёсини, озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлашга ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқи тасдиқланган квоталар доирасида "Э-аукцион" электрон савдо платформасида ўтказиладиган электрон онлайн-аукцион савдолари орқали берилади. Рухсатнома бир йил давомида амал қилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 июндан қизилмия ўсимлиги популяциясини қайта тиклаш ҳамда унинг муҳофазасини таъминлаш чоралари кўрилади. Қизилмия ўсимлигининг давлат ўрмон хўжаликлари ҳудудларидаги табиий ареаллари, захираси ҳамда фойдаланиш мумкин бўлган миқдори аниқланади.
Қолаверса, қизилмия генофондини сақлаш ва уни кўпайтириш мақсадида табиий ареалларидаги захираси етарли бўлган ўрмон хўжаликлари ҳудудларида камида 2 гектардан оналик плантациялари ташкил этилади. Шу билан бирга, қизилмиянинг уруғлик материалларини етиштириш, тайёрлаш, кўпайтириш ҳамда хомашёсини қайта ишлаш бўйича илмий тадқиқот ишлари амалга оширилади.
Низомга кўра, жисмоний шахсларга ёввойи ўсимликлардан техник, доривор хомашё ва озиқ-овқат мақсадларида бепул фойдаланишга чекланган ҳажмда умумий тартибда рухсат берилади. Ёввойи ўсимликлар фойдаланувчилари томонидан бу ўсимликларни йиғиш ва тайёрлашга махсус рухсатнома асосида ҳақ эвазига йўл қўйилади.
Низомга асосан, Фанлар академияси ёввойи ўсимликлар хомашёси ва ўсимликларни махсус фойдаланиш тартибида йиғиш ва тайёрлаш захирасини аниқлайди. Бунда ёввойи ўсимликлар ўсадиган ерларнинг умумий майдони 0,1 гектардан, ўт қоплами 10 фоиздан кам бўлмаслиги лозим.
Бундан ташқари, ёввойи ўсимликлар объектларининг фойдаланувчилари ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш ишлари амалга оширилган ҳудудларда уларнинг ўсиш жойларини сақлаб қолиш учун биотехник ҳамда қайта тиклаш тадбирларини амалга ошириши, шу жумладан, фойдаланиш натижасида бузилган ўсимлик ва тупроқ қатламини рекультивация қилиши, ёнғин ва техника хавфсизлиги ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этишлари шарт.
