Чўлланишга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги кенгаймоқда
2026-05-19 19:30:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов, хитойлик нуфузли олимлар, ўрмон муҳандислари, қўшни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғиз Республикасининг ўрмон хўжалиги соҳаси масъуллари, тизим ташкилотлари вакиллари ҳамда ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари мутахассислари иштирок этмоқда.
Семинарда нутқ сўзлаган Эркин Муҳиддинов Хитой билан чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, ерлар эрозиясининг олдини олиш ҳамда сувсизлик ва шўрланишга чидамли галофит ўсимликларини экиш борасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганлигини таъкидлади.
“Уз навбатида бугунги тадбир икки давлат ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим барқарорлигини таъминлаш, “яшил” технологияларни жорий этиш, чўлланишга қарши кураш ҳамда ўрмон хўжалиги соҳасида барқарор ривожланиш каби муҳим йўналишларда хизмат қилади. Бундан кейин ҳам ҳамкорликдаги ишларимиз изчил давом эттирилади”, - деди Э. Муҳиддинов
Тадбирда Хитойнинг чўлланишга қарши курашиш борасидаги илғор тажрибаси, шўрланган ерларни рекультивация қилиш ҳамда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича илғор технологиялар ва амалий ечимлар тақдим этилмоқда.
Хитойлик мутахассис Чан Ёнг Ўзбекистон чўлланишга қарши курашиш ва экологик барқарорлик борасида анчагина ташаббускор эканлигини алоҳида таъкидлади.
“Айниқса, бу яшиллик даражасини ошириш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, чўлланишга қарши курашиш борасида яққол кўринмоқда, - деди у. – Чўл ўсимликларини экиш бугунги кунда иқлим ўзгариши, биохилма-хилликни сақлаш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон бутун дунё эътиборини айнан шу жиҳатга қаратмоқда”.
Таъкидлаш жоизки, семинарда Хитой – Марказий Осиё ҳамкорлиги доирасида чўлланишга қарши курашни минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида ривожлантириш, экологик барқарор тараққиётни таъминлаш ва ресурсларни тежашга асосланган “яшил” иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.









