Ўрмон хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди
2026-05-09 11:55:00 / Янгиликлар
Пекин шаҳрида Ўзбекистон–Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг навбатдаги 8-йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов ва Хитой Халқ Республикасининг Ўрмон ва яйловлар Миллий администрацияси раҳбари Лию Гуоҳонг томонидан ўрмон хўжалиги ва яйловлар соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу меморандумга асосан томонлар ўрмон барпо этиш, муҳофаза қилиш ва ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, яйловларни муҳофаза қилиш ва тиклаш ҳамда кўчат етиштириш, чўлланишга қарши курашиш, ўрмон хўжалиги саноати ва экотуризмни ривожлантириш ҳамда ўрмон ва яйлов ёнғинларининг олдини олиш каби йўналишларда самарали ҳамкорликни амалга оширадилар.

