Самарқандда писта плантациялари ташкил этилмоқда
2026-05-05 17:25:00 / Пресс-турлар

Тадбирда Республика Ўрмон агентлиги ва вилоят Экология бошқармаси масъуллари, ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари раҳбарлари, ўрмончилар, маҳалла фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Экология қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги директорининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Исматулла Дўстмуродов кириш сўзи билан очиб, Нуробод туманида амалга оширилаётган писта плантациялари барпо этиш лойиҳасидан кўзланган мақсад ва кутилаётган натижалар ҳақида маълумот берди.
“ – Ушбу лойиҳа натижасида туман ҳудудида ерларнинг деградацияга учрашининг олди олинади, экотизимлар мустаҳкамланади ва экологик барқарорлик таъминланади, – деди И.Дўстмуродов. – Асосийси, ҳудуд аҳолисининг бандлиги таъминланишига эришилади.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президент Администрациясининг тегишли топшириғига асосан, Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани ҳудудида писта етиштириш лойиҳаси ишлаб чиқиш, туман ҳудудидаги давлат захира ерларидан самарали фойдаланиш, деградацияга учраётган ерларда экотизимларни мустаҳкамлаш учун писта плантациялари ташкил этилиши белгиланган.
Тадбирда сўз олган Саройқўрғон давлат ўрмон хўжалиги директори Аҳмад Сағдуллаев ушбу лойиҳани амалга ошириш жараёнида бажариладиган тадбирлар ҳақида журналистларга маълумот берди.
“ – 2026 йилдан бошлаб 2036 йил якунига қадар Нуробод туманида жами 50 минг гектар майдонда писта плантациялари барпо этилиши режалаштирилган. 2026 йилда ҳам 5 минг гектар майдонда интенсив писта плантациялари барпо этиш, сув таъминоти инфратузилмасини яратиш ҳамда замонавий агротехнологияларни жорий этиш режалаштирилган. Ушбу тадбирлар учун жорий йилда 21 млрд сўм маблағ йўналтирилиши, ҳудудда 40 та тик қудуқ ва 40 та мембрана ўрнатилиши мақсад қилинган, – деди А. Сағдуллаев. – Ушбу тадбирларнинг дастлабки босқичида 500 нафар маҳаллий аҳолини пудрат шартномалари асосида иш билан таъминлаш режалаштирилган. Уларнинг ҳар бирига 10 гектардан писта майдонлари бириктириб берилиши белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, туманда жорий йилнинг баҳор мавсумида 252 гектар ерга кўчатдан, 290 гектарга уруғдан – жами 552 гектар майдонда писта плантациялари ташкил этилди. Ҳозирда кузги мавсумда писта экилиши учун агротехник қоидалар асосида ер тайёрлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур ташаббус деградацияга учраган ерларни тиклаш ва улардан самарали фойдаланишга хизмат қилади. Агротехник талабларга кўра, писта дарахтлари 6 – 7 йилда ҳосилга киради ва 12 йилдан бошлаб юқори ҳосилдорликка эришилади.
Шундан сўнг, туман шароитида писта экиш ва парвариш қилиш жараёнлари мутахассислар томонидан жойида кўрсатиб берилди. Пресс-тур давомида журналистларнинг мавзуга оид саволларига масъуллар томонидан батафсил жавоблар берилди.
Айтиш ўринлики, шу кунларда Экология қўмитаси ҳузуридаги “Яшиллойиҳа” институти томонидан ерларни ўрганиш, тупроқ-иқлим таҳлили ва экиш схемалари ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа якунида ерлар деградациясининг олдини олиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳажмини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда ҳудуднинг экологик барқарорлигини таъминлаш мақсад қилинган.









