Хивада янги яшил боғ барпо этилмоқда
2026-04-30 11:50:00 / Янгиликлар

Ушбу боғ "Замин" фонди, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ўрмон агентлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида барпо этиляпти. Кейинги йилларда бўш турган қарийб 8 гектар майдонга ҳудуднинг табиий-иқлим шароитига мос келадиган 3 минг тупдан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилмоқда.
Кўчатлар орасида гўзал катальпа, оқ тут, оддий қайрағоч, оқ акация, дала заранги, шумтол, шарқ туяси ҳамда бошқа манзарали дарахт турлари мавжуд. Шунингдек, ҳудудни янада кўкаламзорлаштириш мақсадида 2 минг тупдан зиёд турли хил манзарали буталар экилиши режалаштирилган.
Лойиҳа натижасида ҳудуднинг экологик ҳолати ва атмосфера ҳавоси сифати яхшиланади. Шаҳарда қулай микроиқлим муҳити яратилади. Асосийси, ушбу яшил ҳудуд том маънода аҳоли, айниқса, ёшлар кўнгилдагидек ҳордиқ оладиган замонавий масканга айлантирилади.
“Ёшлар эко боғи” ҳудудини кўкаламзорлаштиришдан асосий мақсад Хива шаҳрининг экологик барқарорлигини таъминлаш ҳамда ҳудуднинг эстетик ва ландшафт кўринишини яхшилашдан иборат.





