Ўзбекистон тоғ иқлими бўйича минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга чақирди
2026-04-27 12:15:00 / Янгиликлар

Бугун Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари таъсирида кўп зарар кўраётган минтақалар қаторига киради. Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, бу ерда исиш суръати глобал ўртача кўрсаткичдан ошиб кетган. Ҳароратнинг ошиши саноатгача бўлган даражадан тахминан 1,5-2°C га етган. Бундай шароитда минтақанинг сув, озиқ-овқат ва экологик хавфсизлигига бевосита ижобий таъсир кўрсатадиган тоғ экотизимларини сақлаб қолиш муҳимдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида Марказий Осиё сув ресурсларининг 80 фоизигача қисми тоғларда шаклланиши, аммо минтақада аллақачон музликларининг 30% гача йўқотилганлиги ва бу жараён тезлашиб бораётганлигини таъкидлади. У минтақавий ҳамкорликни зудлик билан мустаҳкамлаш, трансчегаравий мослашув дастурларини ишлаб чиқиш ва тоғ кун тартибини миллий даражада белгиланган ҳиссалар ва мослашув режаларига интеграциялашга чақирди.
Сессияда табиий ечимларни амалда жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, тоғ ўрмонлари ва яйловларини тиклаш, сувли ҳудудларини муҳофаза қилиш ҳамда экотизимларни барқарор бошқариш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ташаббуслари қаторида биохилма-хиллик ҳолати бўйича долзарб маълумотлар олиш учун тоғ ҳудудларини илмий ўрганиш дастурларини йўлга қўйиш, муҳим экотизимларда инсон ва ёввойи табиат ўртасидаги зиддиятларнинг олдини олиш чоралари ҳам бор.
Яна бир муҳим йўналиш сифатида халқаро иқлимий молиялаштиришга кириш имкониятларини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Таъкидланишича, минтақа давлатларининг мослашув эҳтиёжлари миллиардлаб долларни ташкил этади. Амалдаги молиялаштириш эса етарли эмас. Шу боис глобал фондлар маблағларини жалб қилишни фаоллаштириш ва тоғ экотизимларини қўллаб-қувватлаш бўйича минтақавий дастурларни ишга тушириш таклиф этилди.
Шунингдек, иштирокчилар Марказий Осиёдаги йирик мушуксимон ҳайвонларни сақлаш ва тоғ экотизимларини ҳимоя қилиш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқиш истиқболларини ҳам муҳокама қилдилар. Бу ташаббуслар Глобал экологик фонд грантлари орқали қўллаб-қувватланиши мумкинлиги қайд этилди.
Сессия тоғ кун тартибининг халқаро иқлим сиёсатидаги аҳамияти ортиб бораётганини тасдиқлади. Муҳокамалардан амалий ҳаракатларга ўтиш, минтақавий ҳамкорлик, илмий маълумотлар ва барқарор молиялаштиришга асосланган ёндашувларни кучайтириш зарурлигини кўрсатди.






