«Менинг боғим» лойиҳаларида жамоатчилик иштироки кенгайтирилади
2026-04-09 17:30:00 / Янгиликлар

Фармонга кўра, «Менинг боғим» лойиҳаларини ташкил этиш жараёнлари такомиллаштирилади, уларни амалга оширишда янги механизмлар жорий қилинади. Хусусан, «Очиқ бюджет» ахборот порталидаги танловда ғолиб бўлмаган камида битта лойиҳа сайловчилар манфаатлари ва ҳудуднинг экологик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ғолиб деб эълон қилинади.
Шунингдек, лойиҳалар ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити ва сув таъминотига мос равишда шакллантирилади. Лойиҳа учун ер участкалари рўйхатини шакллантиришда биринчи навбатда тегишли туман (шаҳар)лар марказидаги, аҳоли доимий гавжум бўлган ҳудудлардаги ҳамда кўп қаватли уйлар атрофидаги бўш ер майдонларига эътибор қаратилади.
Муҳим!
Яшил боғлар ва яшил жамоат паркларини ташкил этиш учун ажратилган ер майдонларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.
Фармонга кўра, «Менинг боғим» лойиҳалари доирасида яшил боғлар ва яшил жамоат паркларида дарахтлар ва ўсимликлар экиш, уларни доимий парваришлаш, барпо этилган объектлар ҳолатини сифатли сақлашнинг янги амалиёти жорий қилинади.
