Самарқандда “яшил” технологиялар кўргазмаси — "Eco Expo Central Asia 2026" бўлиб ўтади
2026-04-03 14:10:00 / Янгиликлар

Кўргазма Марказий Осиёдаги энг йирик платформалардан бирига айланади, унда экология ва барқарор ривожланиш соҳасида фаолият юритаётган дунёнинг етакчи компаниялари, инновацион стартаплар, давлат тузилмалари ва халқаро ташкилотлар бирлашади. 180 дан ортиқ мамлакат вакилларининг иштироки кутилмоқда, бу эса тажриба алмашиш, илғор ечимларни намойиш этиш ва янги ҳамкорликларни йўлга қўйиш учун ноёб имкониятлар яратади.
Тадбирнинг асосий мақсади – “яшил” технологияларни илгари суриш, экологик лойиҳаларга инвестицияларни рағбатлантириш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Экспозиция кенг йўналишларни қамраб олади: яшил энергетика, барқарор қишлоқ хўжалиги ва сувни тежовчи технологиялардан тортиб экотуризм, чиқиндиларни қайта ишлаш, “ақлли” шаҳарлар ва экологияда сунъий интеллектдан фойдаланишгача.
Кўргазма доирасида, шунингдек, тематик зоналар, намойиш майдончалари, стартап ҳудудлари ва интерактив инсталляциялар ташкил этилади.
Иштирокчиларнинг амалий ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Дастурда бизнес-сессиялар, эксперт муҳокамалари, B2B, B2G ва B2C форматдаги музокаралар, шунингдек, битимлар имзолаш ва инвестиция лойиҳаларини тақдим этиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон ҳудудлари учун алоҳида майдонлар ажратилади, уларда экологик вазиятни яхшилаш ва ҳудудларни барқарор ривожлантиришга қаратилган амалдаги ва истиқболли ташаббуслар тақдим этилади.
Кўргазмада етакчи халқаро ташкилотлар ҳам иштирок этади, жумладан, UNEP, UNECE, FAO, GEF, GGGI, IUCN, UNCCD, CSM ҳамда Рамсар конвенцияси. Уларнинг иштироки барқарор ривожланиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва табиий ресурсларни оқилона бошқариш соҳасида илғор ечимларни алмашиш ва илгари суришга хизмат қилади.
Кўргазманинг GEF Ассамблеяси билан параллел ўтказилиши глобал кун тартиби ва минтақавий ташаббуслар ўртасидаги самарадорликни кучайтиради, шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган экологик ислоҳотлар ва лойиҳаларга халқаро ҳамжамият эътиборини жалб этади.
Кўргазмада иштирок этиш ва кўргазма стендини брон қилиш учун расмий сайт орқали рўйхатдан ўтиш зарур: https://ecoexpo.uz/









